Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчил ва тизимли ислоҳ қилинмоқда ҳамда такомиллаштирилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда Давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларга 160 тага яқин давлат хизматлари кўрсатилиб, марказларга кунига ўртача 400-500 тагача фуқаролар мурожаат қилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат ташкилотилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилиши белгилаб қўйилган эди.
Шундан келиб чиқиб Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳузурида ҳам ана шундай Жамоатчилик кенгаши тузилди. Шу муносабат билан бошқармада ўтказилган йиғилишда бошқарма бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов жамоатчилик кенгашининг асосий вазифаси давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Келгусида мазкур кенгаш ёрдамида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик ривожлантирилади, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнидаги жамоатчилик фикри тизимли ўрганилади ва таҳлил қилиб борилади.
Кенгаш Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳузуридаги маслаҳат органи сифатида жамоатчилик асосида ишлайди. Шунингдек, мазкур кенгаш давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида соғлом маънавий-руҳий ҳолатни, қонунийлик, юқори ҳуқуқий маданият ва ахлоқийликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Қолаверса, вилоятда давлат хизматларини кўрсатиш ва ФҲДЁ бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини таҳлил қилади ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу кенгаш аҳолининг Давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари билан очиқ мулоқотни, шаффофликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Жасур Қаюмов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
бошлиғи ўринбосари