Янги Тасвирий санъат дарслигининг янгилиги нимада?
2021-2022-ўқув йили учун Миллий ўқув дастури асосида яратилаётган 1-синф Тасвирий санъат дарслиги макети тайёр бўлди. Тасвирий санъат дарслиги мазмун, дизайн ва интерактивлик ҳисобида аввалгисидан тубдан фарқ қилади, дея хабар берди Республика таълим маркази ахборот хизмати.
Янги дарслик амалдаги дарсликдан фарқли равишда айнан ўқувчиларнинг ёш билан боғлиқ қизиқишлари ва психофизиологик хусусиятлари инобатга олган ҳолда яратилди.
Хусусан, амалдаги дарслик «Тасвирий санъатнинг турлари» мавзуси билан бошланар бу ҳали қўлига энди қалам ушлаган ўқувчи учун мураккаблик қилар эди. Эндиликда янги дарслик ўқувчида чиза олиш кўникмасини содда амаллардан бошлаб ўргатади. Дарсликка қўшимча яратилган иш дафтарида ўқувчига аввал турли чизиқлар, кейин шакллар ундан сўнг рақамлар асосида турли тасвирларни чизиш ўргатилади. Дарслик мактабгача таълим муассасаси дастури билан интеграция қилингани боис, 1-синф ўқувчиси тасвирий санъатни боғчада ўрганганларининг давоми сифатида узвийликда ўрганади.
Янги дарслик дизайни халқаро тажрибаларга суянган ҳолда мутлақо янгича услубда яратилди. Машҳур рассомлар томонидан дарсликнинг ҳар бир мавзусига махсус расмлар чизилгани ҳам дарсликнинг энг катта ютуқларидан бирдир.
Яратилаётган дарсликда тасвир ишлаш ва ясаш босқичлари мавзулар кесимида берилган ва «Графика», «Ҳайкалтарошлик», «Рангтасвир» ва «Композиция» каби тасвирий санъатнинг асосий бўлимларига ажратилган.
Амалдаги дарсликда фанлараро боғлиқликка эътибор қаратилмаган эди. Янги Тасвирий санъат дарслиги “STEAM” таълимига асосланди. Болалар эндиликда математика дарсида ўрганган рақамларидан тасвирий санъат дарсларида турли шаклларни яратишда фойдаланишади.
Шунингдек, дарсликда ўқувчини мантиқий фикрлашга ундайдиган ўқув топшириқлари берилди. Тасвирий санъат дарслиги ўқувчи иш дафтари, ўқитувчи китоби, медиа иловаси билан ишлаб чиқилгани ҳам дарсликдаги катта ўзгаришлардан биридир.
Дарсликка илк маротаба AR – тўлдирилган борлиқ тизими жорий этилди. Агар смартфон дарслик муқовасига тутилса, ундаги тасвир ҳаракатланади ва ўқувчи қўшимча маълумотларни овоз орқали эшитиш ҳамда чизиш босқичларини кўриш имкониятига эга бўлади. Бу эса дарсликнинг имкониятларини бир неча баробарга кенгайтиради.