
Президент топшириғи амалда
Жорий йил Тошкент вилоятда спортни ривожлантириш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини янада оммалаштириш, янги чемпионларни кашф қилиш юзасидан вилоят спорт бошқармаси томонидан махсус “Йўл харитаси” ва асосий 10 та кўрсаткичларини ўз ичига олган концепция ишлаб чиқилди.

Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ёшлар қамровини қариб 1,2 миллион нафарга, спорт селекцияси орқали спорт мактабларида мунтазам шуғулланувчилар сонини эса 55 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.
Айниқса, спортнинг асосий йўналишларидан бири бўлган ногиронлиги бўлган шахсларни босқичма-босқич адаптив спорт турлари билан қамраб олиниши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши асосида энди Тошкент вилоятида ҳам иқтидорли спортчиларни миллий терма жамоалар таркибига сифатли етказиб бериш учун илғор тажрибалардан фойдаланилади.
– Барча спорт турлари бўйича федерациялар ҳудудий бўлимлари фаолияти қайта кўриб чиқилиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва ташкил этиладиган спорт тадбирлари учун календарь режаси ишлаб чиқилди, – дейди Тошкент вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов. – Бунинг учун вилоят маҳаллий бюджетидан 14 миллиард сўм йўналтирилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозир Чирчиқ шаҳрида тўлақонли спорт кластери пайдо бўлди. Жумладан, ҳудудда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг ҳузуридаги Илмий тадқиқотлар институти, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда спорт мактаби фаолият юритмоқда. Бу муассасалар имкониятидан келиб чиқиб, спорт таълимини узвийлигини боғлашга шароит пайдо бўлганлиги натижасида спортда тадқиқотлар ҳамда янги машғулотлар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш каби имкониятлар яратилди. Эндиликда бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш муҳимдир.

Жумладан, жорий йилнинг март-апрель ойларида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳам қамраб олинади. Бунга жисмоний тарбия фани ҳамда ёшларни чақириққа қадар тайёрлаш фани ўқитувчилари масъул бўлади. Спорт мактаблари директорларининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция бўйича ўринбосари ҳамда селекционер-тренерлар услубий кўмаклашади. Бундан ташқари, спорт соҳасида ҳам рақамлаштириш ишлари жадал ривожлантирилмоқда. Айни пайтда махсус платформа орқали тизимда 24 турдаги ҳисобот ва хизматлар тўлиқ рақамлаштирилди.

Вилоятда охирги уч йилда 13 та спорт мактаблари ва иншоотлари янгидан қурилган ва реконструкция қилинди. Жойларда, 136 та замонавий спорт майдончалари қуриб фойдаланишга топширилди. Шу давр мобайнида вилоятга Спорт вазирлиги томонидан 10 миллиард сўмлик спорт жиҳозлари ва спортчи ёшлар учун 12 минг комплект эпикировкалар етказиб берилди.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда соҳа масъуллари аҳолининг барча қатлами, айниқса, ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли тадбирларни амалга ошириб, нуфузли халқаро спорт мусобақаларига тайёргарлик кўрмоқда.
А.Мусаев, ЎзА