Юртимизда инсон ресурсларини ривожлантириш, меҳнат бозорини ислоҳ қилиш, бандликнинг замонавий шаклларини татбиқ этиш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича соҳада кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш, халқаро андозалар асосида муносиб меҳнат муносабатларини кенг жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 4 октябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Қарорга кўра, юқори натижага эришиб келаётган, ижобий тажрибага эга 50 нафар маҳалладаги ҳоким ёрдамчисидан иборат “Лойиҳа менежерлари” гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳ таркибидаги ҳар бир ҳоким ёрдамчиси самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган туман (шаҳар)ларга бириктирилиб, улар олти ойгача мазкур туман (шаҳар)лардаги маҳаллаларда фаолият олиб боради.

Навоий вилояти Кармана тумани Мирсаид Баҳром маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуров ҳам “Лойиҳа менежерлари” гуруҳига киритилган эди. У Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани “Абад” ва “Актубе” овул фуқаролар йиғинида фаолият олиб бормоқда.
Ушбу ҳудудлар Қорақалпоғистондаги энг оғир, ишсизлар сони бошқа ҳудудларга нисбатан кўп ҳудуд саналади.
Ҳоким ёрдамчиси ҳудудга боргач, маҳаллалар еттилиги билан ҳамкорликда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилаб олди. Бу эса ўз самарасини бермай қолмади. Натижада қисқа муддатда 72 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Овул фуқаролар йиғинларининг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда 28 та микролойиҳа амалга оширилди. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, кўчатчилик, иссиқхона ва кооперация йўналишида истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, “Актубе” ОФЙда кўчатчилик йўналишида 20 та хонадон ихтисослаштирилиб, 5 та хонадонга уруғ ва кўчатлар харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Етиштирилган кўчатлар Нукус шаҳри, Чимбой ва Қораўзак туманларига етказиб берилди.

“Абад” ОФЙда эса 100 миллион сўм маблағ эвазига озиқ-овқат ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган иссиқхона ташкил этилди ва 5 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланди.
Шунингдек, аҳоли хонадонларида мавжуд томорқалардан самарали фойдаланиш ва шу орқали даромадларини сезиларли даражада ошириш мақсадида ихчам иссиқхоналар ташкил этилди.
Балиқчилик йўналиши қорақалпоғистонликлар учун бегона тармоқ эмас. Улар балиқ етиштиришнинг ҳадисини олган. Аммо етар-етмаслик ёхуд дангасалик бу соҳа ривожига ўз таъсирини ўтказган.

Бегзод Савуров хонадонларда бўлиб, балиқчиликка қизиқиши бўлган фуқаролар билан суҳбатлашди. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва шароитлар тўғрисида гапириб берди. Бу каби тарғибот ва ташвиқот ишлари қисқа муддатда ўз самарасини берди. Натижада 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит асосида балиқчилик йўналишида янги лойиҳага қўл урилди ва 8 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, шу ернинг ўзида балиқ маҳсулотлари етиштирилади ва аҳолига ошхона хизматлари кўрсатилади.
Бундан ташқари, “Актубе” ОФЙда паррандачилик йўналишида кооперация ташкил этилди ва 20 та хонадон қамраб олинди. Шунингдек, кооперация йўналишида 11 гектар майдонда мош етиштириш бўйича лидер тадбиркор танлаб олиниб, “Актубе жаслари” ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. 11 нафар фуқарога 1 гектардан ер ажратиб берилди. Етиштирилган маҳсулот тадбиркор томонидан бозорга чиқариб, сотилади.
Бугун ушбу ташаббус ўз натижасини кўрсатмоқда. Аҳоли тадбиркорликка жалб этилиб, янги лойиҳалар амалга оширилаётганлиги боис ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланмоқда. Бу эса ҳудудларда камбағал оилалар сонининг камайишига хизмат қилмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири