
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашувда илмий-инновацион ёндашув асосида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробарга оширилиши ҳақида айтиб ўтди.
Таъкидланганидек, жорий йилда ер муносабатларида янги давр бошланди. Янги тартиб асосида вилоятда 14,5 минг гектар пахта ва ғалла ҳамда самарасиз боғ-токзорлар майдонлари қисқартирилиб, аҳолига 50 сотихгача узоқ муддатга ижарага берилади ва 30 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.
– Бу тоифадаги майдонларда маҳсулот ишлаб чиқариш кооперация асосида ташкил қилинади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилади. Муҳими, ишлаб чиқаришни тизимли ташкил қилган ҳолда, ҳосилдорлик пахтада 60-65 центнерга, ғаллада 80-90 центнерга етказилади. Вилоятда 30-40 йил давомида экиб келинаётган эски ғўза ва ғалла навлари юқори ҳосилдор ҳамда эрта пишар янги навларга алмаштирилади. Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон, Оққўрғон, Бўка, Пискент туманларини кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида, Оҳангарон сув омбори сиғими 100 миллион метр кубга оширилади.
Тадбирда Тошкент вилоятининг илмий салоҳиятидан тўғри фойдаланган ҳолда, вилоятдаги илмий муассасалар билан ҳамкорликда, ҳар бир кластер қошида илмий марказ ташкил этилиши таъкидланди. Бундай кластерларга ишлаб чиқарилган уруғликни экспорт қилишга ҳам рухсат берилади. Паркент, Қибрай, Пискент, Юқори Чирчиқ, Янгийўл, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида 50 минг гектар боғ ва токзорларнинг иқтисодий самарасиз бўлган 60 фоизи тўлиқ янгиланади.
Шунингдек, янги ўзлаштириладиган ва лалми ерлар ҳисобидан ушбу туманларда 20 минг гектар майдонда интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади. Боғдорчилик илмий-тадқиқот институти ва Аграр университетнинг “ин-витро” лабораторияларидан самарали фойдаланган ҳолда, Тошкент, Паркент ва Қибрай туманларида йилига 5 миллион дона мева ва ток кўчатларини етиштирувчи питомниклар ташкил қилинади.
ЎзА