Янги таъмирдан чиққан МТТ болалар ихтиёрида
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тубдан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Ҳозирда туманда жами 92 та: шундан 13 та давлат, 3 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат ва 76 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига тумандаги 3-6 ёшли болалар сони 6 минг 401 нафарни ташкил этиб, улардан 5 минг 68 нафар тарбияланувчи ана шу МТТга қамраб олинган ёки бу кўрсаткич 79,1 фоизни ташкил этади.
Тадбир давомида иштирокчилар болажонларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
– Боғча 1968 йилда, 140 ўринга мўлжаллаб қурилган бўлиб, анча абгор ҳолатга келиб қолган эди, – дейди МТТ раҳбари Феруза Абдуқодирова. – Объект 4 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига “Жиззах қурилиш зийнати” маъсуляти чекланган жамиятининг моҳир усталари томонидан қайта таъмирланиб, янгидан жиҳозланди ва болажонларимиз учун ҳам ходимлар учун ҳам барча шароитлар тўла яратиб берилди.
[gallery-5533]
Энди муассасада 210 нафар болага таълим-тарбия бериш имконияти бор.
Ёпиқ спорт ва мусиқа зали, кутубхона, ошхона, ўйин, машғулотлар учун хоналар, ётоқхоналар замон талабига тўла жавоб беради.
Бино индивидуал иститиш тизимига эга бўлиб, тоза ичимлик суви, электр, газ ва канализация тармоғига уланган.
Мазкур МТТда 12 нафар олий маълумотли педагог рус, инглиз тиллари, мусиқа, рақс, санъат, моҳир қўллар ва бир қатор спорт тўгаракларида болажонлар билан бирга машғулотларни мунтазам ўтиб бораётир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА