Конституция ҳар қандай мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.
Шунинг учун ҳам ислоҳотларнинг турли босқичларида мамлакат фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда туб бурилиш даврига асос бўлиши мумкин бўлган, таъбир жоиз бўлса концептуал аҳамиятга молик дастурлар қабул қилинади. Ва албатта, бундай тарихий ҳужжатларни қабул қилиш шунчаки тасодиф эмас, балки, унга маълум маънодаги тарихий зарурат ва табиий эҳтиёж пайдо бўлади. Агар илмий ва амалиёт нуқтаи назардан келиб чиқилганда, бундай қонунларга бўлган тарихий зарурат ва эҳтиёж, энг аввало, мамлакат ўзининг давлат мустақиллигига эришганида ёки жамиятнинг бир ижтимоий-иқтисодий ривожланиш босқичидан, янги тараққиёт сари қадам қўйяётганда янада муҳим аҳамият касб этади.
Бундай қонун ҳужжатларининг аҳамияти ҳақида сўз юритилганда, уларнинг туб мазмунида мамлакат аҳолисининг орзу-умидлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати, хоҳиш-истаги, бир сўз билан айтганда, фарзандларининг фаровон келажаги йўлида ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўташга қаратилган асосий ғоя, мақсадлар ва энг муҳим принциплар мужассам бўлишини таъкидлаш жоиз.
Айнан шу нуқтаи назардан олинганда мамлакатимизда 2023 йил 30 аперль куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида мустақиллик йилларида эришган ва бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат, шунингдек, фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларга ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўташга қодир бўлган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.
Дарҳақиқат, “инсон-жамият-давлат” тамойилига асосланган Янги Ўзбекистон Конституцияси мамлакатда инсон қадрини янада улуғлаш ва ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш мақсадида қабул қилинган, десак муболаға бўлмайди.
Асосий Қонуннинг энг муҳим принциплари, шунингдек, ундаги умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ўзбек халқининг минг йиллик давлатчилик тарихи ва асрлар давомида шаклланган миллий қадриятларига ҳамоҳанг эканлигини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади. Бугун шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз Асосий Қонунида белгиланган энг муҳим принциплар, яъни халқ ҳокимиятчилиги, конституция ва қонуннинг устунлиги, шунингдек, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги ўзаро муносабатлар каби конституциявий нормаларни ҳаётга янада кенгроқ тадбиқ этиш, уларнинг кафолатларини мустаҳкамлашга замон талабларидан келиб чиқиб ёндашувнинг янги даври бошланди.
Биригина, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-67-сон Фармонида белгиланган вазифалар кўламидан ҳам билиш мумкинки, бизнинг олдимизга нафақат Янги Ўзбекистонни барпо этиш, балки мамлакатимиз тараққиётининг “учинчи ренессан даври” подеворини барпо этиш ҳам мақсад қилинган.
Албатта, олдимизга қўйилган олий мақсадларга эришиш осон иш эмас. Қолаверса, қонунлар бўладими, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўладими ёки “йўл хариталари”ми, қатъий назар Конституция устворлиги таъминланмас экан, яъни жамиятда Адолат ўрнатилмас экан, кўзланган мақсадларга эришиш мушкуллигича қолаверади.
Айнинг шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг кейинги йилларда Қонун устуворлиги ва Адолат барпо этиш, қолаверса, барчамизни ўз мансаб курсимизда адолат билан давлатни бошқаришга даъват этаётганлари бежиз эмаслигини тушуниш қийин бўлмайди.
Маълумки, мамлакат Конституциясининг асосий принципларидан бири Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинишидир. Шунингдек, мамлакатимиз Асосий Қонунида белгиланганидек, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.
Бу эса ўз навбатида ҳуқуқий нормалар, яъни юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган умуммажбурий характердаги кўрсатмаларни ўз ичига олган расмий ҳужжат ҳисобланадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қиладиган идоралар ва мансабдор шахслар олдига бир қатор масъулиятлар юклайди.
Зеро, миллий давлатчилигимизни қарор топишида, бозор муносабатларини кундан кунга ривожланишида, давлат органлари томонидан ўз функцияларини самарали амалга оширилишида, энг асосийси, давлат билан шахс ўртасидаги муносабатларнинг аниқ ҳуқуқий тартибга солинишида, жамиятимизни ҳамма жабҳаларини демократлаштиришда, мамлакатимизни жаҳонга юз тутишида ҳуқуқий асос сифатида хизмат қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти катта.
Шунинг учун давлатимиз Раҳбари мамлакатимизда давлат ва жамият ишларини бошқариш учун хизмат қиладиган, юридик кучга эга бўлган ва ижро этилиши мажбурий ҳисобланувчи қонунчилик базасини яратишга жиддий эътибор қаратаётганлари бежизга эмас.
Айнан шунинг учун сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини яна такомиллаштириш, унинг ваколатларини кенгайтириш борасида катта ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Келинг, охирги 7 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини такомиллаштириш борасида Конституциявий ислоҳотларга эътиборингизни қаратсак.
Масалан, 2017 йилга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасида Конституциявий суднинг 4 та банддан иборат ваколатлари белгиланган. Улар қуйидагилардан иборат:
1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
2) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
3) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;
4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.
2017 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, Конституциявий судга қуйидаги 3 та янги ваколатлар берилди:
Булар қуйидагилар:
1) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
2) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;
3) конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бундан роппа-роса бир йил олдин, 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддасида Конституциявий суд яна янги ваколатларга эга бўлди.
Эндиликда мамлакатимиз Конституциявий назорат органи юқорида санаб ўтилган ваколатлар билан бирга референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради. Ва энг муҳими, мамлакатимизда илк маротаба конституциявий шикоят институти жорий қилиниб, эндиликда фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Кўриб турганингиздек, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида инсон-ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг барча воситаларидан тўлақонли фойдаланилмоқда.
Биз ўйлаймизки, келгусида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш борасидаги ишлар асло тўхтамайди.
Чунки, Қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатли жамият барпо этиш бу бир кунлик иш эмас. Қолаверса, энг тараққий этган мамлакатларда ҳам том-маънодаги қонун устуворлиги таъминлангани ва адолатли жамият барпо этилганига ҳозирча гувоҳ бўлганимиз йўқ..
АБДУМАННОБ РАХИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг судьяси,
юридик фанлар номзоди