“Янги Сирдарё” – янгиланаётган нашр
Сирдарё вилояти ҳокимлиги муассислигида нашр этилаётган “Янги Сирдарё” газетаси 1963 йилда дастлаб “Сирдарё ҳақиқати” номи билан чоп этилган. Ижодий жамоада бир неча авлод газетачилар мактаби шаклланган бўлиб, ўз даврида у Сирдарё чўлларини ўзлаштиришга жалб этилган турли миллат вакилларининг севимли нашрига айланган. Аммо босма нашрлар бошидан кечирган мураккаб йилларда газета фаолиятида ҳам раҳбарларнинг тез-тез алмашуви, нашр ва босмахона харажатларининг ошиши билан боғлиқ қатор муаммолар пайдо бўлди.
– Айни вақтда нашримиз 18 200 нусхада чоп этилмоқда, – дейди газета бош муҳаррири Баҳром Боймуродов. – Унинг русча иловаси 1 500 нусхада. Газета шаклан ўз номига мос равишда янгиланди, Telegram, Instagram, YouTube ва Facebook тармоқлари орқали блог ва каналлари шакллантирилди. Веб-сайтимиз рус, инглиз ва ўзбек тилларида ўз аудиториясини кун сайин кенгайтирмоқда. Жамоада янги муаллифлар сони ошди, энг муҳими, ўқувчиларнинг бизга ишончи пайдо бўлди.

Газета саҳифаларини варақлаб бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз. У А2 форматда, 4 саҳифада рангли тарзда чоп этилади. Айниқса, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда карикатура жанрининг йўлга қўйилгани аҳамиятлидир. Мақолалар шунчаки рақамларни қайд этиш эмас, балки таҳлилий-танқидий руҳда ёритилиб, аксарият ҳолларда муаллифнинг ўз суратларидан фойдаланилмоқда. Жамоага кейинги пайтда Хуршида Нишонова, Адолат Аҳмаджонова, Маржона Мирзабоева, Севинч Ғаниева каби қаламкашлар, Анвар Саидқулов ва Шаҳжаҳон Шарипов каби фотожурналистлар келиб қўшилди. Уларнинг турли мавзудаги чиқишлари ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Гулистон шаҳридаги газетачилар биноси ҳам тубдан янгиланди. Ижодий ходимларнинг хоналари таъмирланиб, замонавий ускуналар келтирилди. Бу эса заҳматли соҳа ходимларининг иш фаолиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Сирдарёликларга хос яна бир ибратли янгилик – газета қошида махсус музей ташкил этилганидир.

Музейдан нафақат газета ва матбаачилик, балки вилоят тарихига оид жуда кўплаб экспонатлар ўрин олган. Бу ерда ёшлар учун нотаниш бўлган фотожурналистларнинг расмни кимёвий ювиб тайёрлаш ашёлари, газетанинг қўрғошин қолипларда босилиш давридаги линотип бўлаклари, ўтган асрнинг 60–70-йилларидан буён йиғиб борилган тахламлар, журналистларнинг ён дафтарчалари ва собиқ бош муҳаррирларнинг иш столидаги буюмлари сақланмоқда.

Ҳатто Иккинчи жаҳон урушидан эсдалик сифатида олиб келинган, маршал Жуковнинг айнан сирдарёлик жангчига топширган этиги ҳам кишини бефарқ қолдирмайди. Буларнинг барчасини ўз кўзингиз билан кўришни хоҳласангиз, Сирдарёга, Гулистон шаҳрига ташриф буюринг, ҳурматли замондош!
Ўлжабой Қаршиев, ЎзА