Янги шифо масканлари – эл хизматида
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Наманганда энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз истиқлолининг 33 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилган замонавий шифо масканлари ана шу ғамхўрликнинг амалий исботи бўлди.
2024 йилда Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 10 та даволаш-профилактика муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, уларга 65 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланди. Хусусан, Давлатобод тумани Ирвадон маҳалласи ҳудудида жойлашган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг биринчи навбати ишга туширилиши кўпчилик учун байрам туҳфаси бўлди.

Байрамона руҳда кечган тадбирда вилоят сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Мазкур болалар шифохонасининг мавжуд бино-иншоотлари йиллар давомида таъмирталаб ҳолга келганди. Айни шу сабабдан ҳам, жорий йил бошидан 395 ўринли марказ биноларини реконструкция қилишга киришилди. Салкам 10 миллиард сўмга яқин пардозлаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши натижасида мазкур муассаса янада кўркам, қулай ва муҳташам масканга айланди.

Давлатобод туманидаги Ўрта Равустон маҳалласида янгидан барпо этилган 20-сонли оилавий поликлиника ҳам халқимиз саломатлиги йўлида кўрсатаётган ғамхўрликдан далолат. Яқингача бу жойда 8-сонли оилавий поликлиниканинг филиали сифатида фойдаланиб келинган бир қаватли, шароитлари чекланган бино эди.

Бино ва иншоотлар қурилиши учун салкам 4 миллиард сўм маблағ сарфланди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда хусусий секторнинг ривожланиб бораётгани аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширмоқда. Давлатобод туманида янги ишга туширилган “Kardio-mir” тиббиёт маркази ҳам айни шу эзгу мақсадга хизмат қилади. Умумий қиймати 7 миллиард сўмга тенг лойиҳа ижроси ўлароқ қурилган икки қаватли бино энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди.

– Марказда ишлаш учун 25 та янги ишчи ўрни яратилган. Ушбу тиббиёт маркази учун зарур бўлган технологиялар Германия ва Хитойдан келтирилган, – дейди хусусий шифохона таъсисчиси, тиббиёт фанлари доктори Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев. – Бу эса ўз навбатида, фуқароларга юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Икки дарё оралиғидаги манзилда истиқомат қилаётган норинликлар учун ҳам мустақиллигимизнинг 33 йиллик тўйи муносиб туҳфаларни тақдим этмоқда. Хусусан, туман марказида мукаммал таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга келтирилган 18-сонли оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди. Мазкур муассасани қайта қурилишига 3 миллиард 152 миллион сўм йўналтирилди. Ушбу поликлиника 15 минг нафарга яқин кишига тиббий хизмат кўрсатади. Бино ёруғ ва шинам. Хоналар замонавий анжом ва ускуналар билан жиҳозланди.
Янги шифо масканларининг очилиш тадбирларида қатнашган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов тиббиёт соҳасида олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилгани билан муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.