2021 йил миллий ва туркий халқлар маънавияти учун хайрли бошланди.
Маълумки, адабиётимиздаги шеърий жанрларнинг номланиши, яъни, келиб чиқиши турли халқлар тилига оид бўлиб, поэма – юнонча, достон – форсча, баллада – французча, сонет – итальянча, ғазал, мусамман (саккизлик), мусаддас (олтилик), мухаммас (бешлик), мурабба (тўртлик), рубоий, фард каби бир қанча шеърий жанрлар эса арабча сўзлардан олинган.
Шу пайтгача фақатгина тўрт сатрдан иборат туюқ (туймоқ феълидан) туркий лисон маҳсули ҳисобланарди. Ўз вақтида, сўз мулкининг султони, Ҳазрат Мир Алишер Навоий «Бадойиʼ ул-бидоя» девони дебочасида “... ва муътадил туюғлар, барча туркий услуб бу абёт зайлида мухайял ва бу ашъор хайлида музайял бўлди» деб ёзган эди.
Охирги уч йилда энг йирик шеърий жанр бўлган – 8 та мустақил достондан таркиб топган «ЗАРБУЛДОСТОН» ва икки мисрадан иборат энг кичик поэтик жанр – «ҚЎШСАТР»ни кашф этган новатор шоир Сафар ОЛЛОЁР жаҳон адабиётида салмоқли салоҳият эгаллаб келаётган сонетдан ҳам икки сатр ихчам – адабиётда туркий лисон истилоҳидаги «УЧШОДА» номли янги шеърий жанрга асос солди.
«УЧШОДА» расман қайд этилди. 2021 йил 18 январь куни истеъдодли шоир Сафар ОЛЛОЁР қаламига мансуб ушбу янги жанр Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан муаллифлик ҳуқуқларини депонентлаш тўғрисида 003100-рақамли гувоҳнома билан тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур гувоҳнома Бутунжаҳон Муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисида (Женева) Конвенцияга аъзо 167 та давлатда тан олинади ва муаллиф ҳаётидан сўнг ҳам 50 йил давомида қатъий амал қилади.
Барча адабиёт муҳибларини, жумладан, шарқона шеърият ихлосмандлари ва маънавиятимиз жонкуярларини ушбу янгилик билан қутлаймиз. Ўйлаймизки, мазкур янги жанр туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили имкониятларини янада кенгроқ намоён қилиб, миллий шеъриятимиз нуфузини оширади. «УЧШОДА» шеър ва ижод аҳлига манзур бўлиб, халқимизнинг ўлмас маънавий мулкига айланишига умид қиламиз.
ЎзА