2025 йил 22 апрелда “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди: Бу ҳужжат орқали фуқаролик, солиқ ва бир қатор соҳаларни тартибга солувчи қонунларга ўзгартиришлар киритилди.
Бу ўзгаришлар, биринчи навбатда, банклар ва кредит ташкилотлари ҳамда қарздорлар ўртасидаги муносабатларни аниқроқ ва адолатлироқ қилиб белгилашга қаратилган.
Нималар ўзгарди?
1. Аввало, судга мурожаат қилиш шартлари қатъийлашди.
Агар банк қарзни гаров мулки орқали ундирмоқчи бўлса, қарз миқдори гаров баҳосининг камида ўн беш фоизни ташкил қилиши ва уч ойдан ортиқ муддат ўтган бўлиши керак.
2. Банклар гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулкларни кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиши мумкин.
3. Мулк баҳосида келишмовчилик бўлса – баҳоловчи жалб этилади. Агар банк ва мулк эгаси баҳолашда келиша олмаса, малакали баҳоловчи ташкилот ишга жалб қилинади.
4. Жиноят иши бўйича гаровга қўйилган мулк мусодара қилинса...
гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
5. Кредит қарздорликни муддатидан олдин ундириш тўғрисида судга даъво беришдан аввал, агар шартномада бошқа шарт назарда тутилган бўлсада муддати ўтган қарздорликни ундириш тўғрисида суд ҳужжати бўлиши керак.
Бошқача айтганда, банк аввал қарздорнинг муддати ўтган қарзини ундиришга даъво қилмасдан, умумий кредит суммаси учун судга мурожаат қила олмайди – фақат шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.
6. Ижро ҳужжатлари бўйича гаров мулки реализация қилинмаган тақдирда, давлат ижрочиси... мулкни бошланғич сотиш нархидан йигирма беш фоиз камроқ суммада баҳоланган ҳолда ундирувчида қолдиришни таклиф қилади.
7. Жуда арзимас ҳисобланади. Агар, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса ва мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса.
Қонунни жараёнга татбиқ этишда банк амалиёти
Мазкур қонун ва унга оид қарорлар банклар фаолиятига сезиларли енгилликлар киритмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 апрелдаги Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан:
- Аукцион тартиблари янада соддалаштирилди,
- Электрон савдолар шаффоф бўлди,
- Мулк сотишда эркинлик кенгайди.
Эндиликда давлат улуши иштирокидаги банклар қарз эвазига олинган мулкларни аукционсиз, тўғридан-тўғри бозор баҳосида сотиши, шунингдек кредит, бўлиб тўлаш ёки лизинг асосида тақдим этиши мумкин.
Тадбиркорлар учун янги имкониятлар
Бу ўзгаришлар бизнес учун катта имкониятлар очмоқда. Мулкларни осонроқ ва шаффоф тарзда сотиб олиш, молиявий хатарларни камайтириш, инвестиция ва ривожланиш учун қулай шароитлар яратилишига хизмат қилади.
Энг асосийси – кредит тизими янада ишончли ва барқарор бўлади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати