Янги қўмитанинг вазифалари белгиланди
Тармоқларда ягона илмий-техник сиёсат юритилган ҳолда, тизимнинг мувофиқлаштирилган тарзда фаолияти таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига биноан энди пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилади. Тармоқларда ягона илмий-техник сиёсат юритилган ҳолда, тизимнинг мувофиқлаштирилган тарзда фаолияти таъминланади.
Пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароит яратилади. Маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни, энг аввало, ташки бозорларда сотишга кўмаклашилади. Пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда хар томонлама ёрдам берилади.
Божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари ва хом ипакнинг олиб чиқилиши мониторинг қилинади.
Экспорт қилувчи ташкилотлар эскпорт контрактлари мониторингини амалга ошириш учун экспорт контрактлари, нарх калькуляцияси ва Пиллачиликни ривожлантириш жамғармасига йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига тақдим этади.
Давлат божхона қўмитаси доимий равишда ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипакнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб чиқилишини (экспорт) назорат қилади. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси эса доимий равишда ипак чиқиндилари (шу жумладан, ипак момиғи) ва хом ипакнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб чиқилишининг (экспорт) ҳисобини юритади.
Бу тартиблар 2021 йил 1 февралдан бошлаб амалга киритилади.