Янги қарор мазмун-моҳияти тушунтирилди
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари томонидан Янгиер ва Ширин шаҳарлари, Ховос ва Боёвут туманлари тиббиёт бирлашмаларининг тиббиёт ходимлари ва аҳоли вакиллари учун семинар ташкил этилди. Унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 сентябрдаги «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган мақсад ва вазифалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан тақдим этиладиган тиббий хизматларнинг кафолатланган ҳажми, ундан бепул фойдаланиш тартиби, шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг дастури доирасида текин дори воситаларини бериш тартиби ҳам тушунтирилди.


–Семинарда аҳолининг барча қатламига кафолатланган пакет, унга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш, касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарида бепул даволаниш шартларига ҳам тўхталиб, бу каби имтиёзга эга бўлиш учун ҳар бир киши ўзи яшайдиган ҳудуддаги оилавий поликлиника, оилавий шифокорлик пунктларига бориши, у ерда оилавий шифокорга ёки тиббий бригада аъзоларига мурожаат қилиб, белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиши кераклиги мутахассисларимиз томонидан тушунтириб ўтилди,—дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Олимжон Бекмуродов.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири