БМТ Бош қароргоҳи ҳамда АҚШ Конгрессида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳақидаги сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтганлиги кўпчилик ютдошларимиз қатори мени ҳам ғурурлантирди.
Бу воқеа халқаро ҳамжамият томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ривожланиш йўлига берилган юксак баҳо деб билдим. Китобнинг айнан Америкада, халқаро миқёсда нашр этилиши ва БМТ каби нуфузли ташкилотда расман тақдим этилиши Ўзбекистон учун улкан ютуқдир. Бу тарихий воқеа яна бир бор Президентимиз раҳбарлигидаги Янги Ўзбекистон тараққиёт модели халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини исботлади.

БМТ расмийлари, халқаро экспертлар Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат миллий, балки глобал аҳамиятга эгалигини алоҳида эътироф қилган. Дарҳақиқат, бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон манфаати, инсон қадри ва халқ фаровонлиги энг устувор тамойил сифатида белгиланган. Ислоҳотлар соҳаси кенг қамровли. Буни тақдимотда БМТ Бош котиби ёрдамчиси М.Енча ҳам алоҳида эътироф қилиб, ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни “сиёсий жасорат, стратегик асослилик ва ижтимоий йўналтирилганлик уйғунлигидаги трансформация намунаси” сифатида баҳолаган, ўзбектажрибасининг ўзига хос жиҳати, яъни тизимлилигини алоҳида қайд этган: “Ўзгаришлар бир вақтнинг ўзида барча асосий соҳаларда – давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимидан тортиб таълим, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологияларгача амалга оширилмоқда”. Аҳамиятлиси шундаки, мазкур ислоҳотлар халқнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Аҳолининг давлат органларига ишончи ошмоқда, фуқароларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги кучаймоқда. Эркин фуқаролик жамиятига йўл очилди. Энг муҳими, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақиқий қадриятга айланди. Сўнгги йилларда қўлга киритилган ютуқлар мамлакатимизнинг халқаро имижини мустаҳкамлади.
Ўзбекистон БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти каби халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг фаол аъзосига айланди. Мамлакатимиз ташқи сиёсатда очиқлик, конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган йўлни танлади. Тақдимотда қондош ва жондош қўшниларимиз – Марказий Осиё давлатлари вакиллари ҳам иштирок этиб, ушбу китоб ҳамда муҳтарам Юртбошимиз томонидан халқаро майдонда амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги улкан ишларни эътироф қилган.
Қозоғистоннинг БМТдаги дипломатик миссияси раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсати минтақавий мулоқотни йўлга қўйиш, ишончни мустаҳкамлаш ва қўшма инфратузилмавий ҳамда иқтисодий ташаббусларни йўлга қўйишда ҳал қилувчи роль ўйнаганини алоҳида таъкидлаб, “Ўзбекистон Президентининг очиқлик ва ҳамкорликка қаратилган сиёсати Марказий Осиё интеграциясига янги туртки берди”, дейиши давлатимиз раҳбарининг фидойилик билан олиб бораётган ислоҳотларига яна бир муносиб баҳодир.
Президентимиз томонидан олиб борилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар ҳар бир соҳада сезиларли натижаларга олиб келмоқда. Бугунги Ўзбекистон ўз сўзини эркин айтувчи, тинчликни, ҳамжиҳатликни ва тараққиётни танлаган мамлакат сифатида намоён бўлмоқда. БМТдаги тақдимотда турли мамлакат вакилларининг Президентимиз сиёсатига бўлган ҳурмати ва эътирофи, амалий қўлланма сифатида баҳолаганлари мамлакатимиздаги ислоҳотлар йўли нақадар тўғри эканини яна бир бор тасдиқлади.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон — бу ҳар бир фуқаронинг манфаатини таъминлайдиган, фаровонлик ва эркинликка асосланган давлат. Бу йўлда эришилган ютуқлар эса халқ билан бирга олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг самарасидир.
Гулсара Қурбонбоева,
Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати,
Ўзбекистон касаба уюшмалари ФедерациясиХоразм вилояти кенгаши раиси