Бухорода “Фаровон оила сари” шиори остида ўтказилаётган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.
Вилоятда 2 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – деди тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимова. – Оилавий, маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилалардаги ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Мазкур тадбир ҳам мамлакатимизда умуминсоний, миллий ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, “Фаровон оила сари” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишда мамлакатимиз ибратли оилаларининг ижтимоий фаоллигини ва оилаларнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини оширишга қаратилган.

Кўрик-танлов Низомига асосан танловнинг биринчи –маҳаллалараро ҳамда иккинчи – туман-шаҳар саралаш босқичлари ўтказилди. Ҳар бир туман-шаҳардан 1-2-3-ўринни эгаллаган 39 та ғолиб оилалар ҳужжатлари танловни ўтказиш бўйича вилоят Ишчи гуруҳига тақдим этилди.

Кўрик танловда 3-ўрин Бухоро шаҳар “Маҳмуд Торобий” маҳалла фуқаролар йиғинидан Дилрабо ва Зулфиддин Нарзиевлар оиласига, 2-ўрин Қоровулбозор тумани Имом Бухорий номли маҳалла фуқаролар йиғинидан Ойгул ва Ўткир Раҳимовлар оиласига насиб этди. 1-ўринни Бухоро тумани “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғинидан Олия ва Зубайдилло Очиловлар оиласи қўлга киритди.

Тадбирда “Тадбиркор оила”, “Зиёли оила”, “Аҳил оила”, “Саховатли оила”, “Китобсевар оила”, “Маърифатпарвар оила”, “Файзли оила”, “Ибратли оила”, “Матонатли оила”, “Фидокор оила”, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ёш оиласи”, “Янги Ўзбекистоннинг намунали ёш оиласи” номинацияси бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.
Зариф Комилов,
ЎзА