Янги Ўзбекистоннинг азиз ва мўътабар аёллари
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Ушбу тадбирга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси вакиллари, турли вазирлик ва идоралар, ташкилотларда меҳнат қилаётган аёл-қизлар, жорий йилда Президентимиз фармони асосида давлат мукофотлари билан тақдирланган опа-сингилларимиз, фаол аёллар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табриги видеотрансляция орқали намойиш этилди.
Дарҳақиқат, аёл-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг миллий табиатида алоҳида ўрин эгаллайди. Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган шиддатли янгиланиш жараёнларида аёл-қизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш, уларни ўз вақтида ва тезкор ҳал этиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирини ташкил этмоқда.
[gallery-22167]
Айни пайтда давлат бошқаруви, турли жабҳаларда кечаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг иштирокини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик паталаси таркибида аёллар сафини кенгайтириш борасидаги амалий ишлар диққатга сазовор. Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, фармон ва қарорлар аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, мавқеи ва мақомини тобора юксалтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Ижтимоий аҳамиятга молик давлат дастурлари, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" каби лойиҳалар аёл-қизлар, ёшлар учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Шу билан бирга, олима аёллар сафини кенгайтириш, қизларни олий таълим билан қамраб олиш, бу йўлда зарур барча имкониятларни сафарбар этиш бўйича илгари мисли кўрилмаган ташаббуслар амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда эҳтиёжманд хонадонлар, муҳтож оилаларни ўрганишнинг изчил тизими яратилди. Бу орқали эса хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар учун янги иш жойларини ташкил этиш, ора-сингилларимизни тадбиркорликка жалб этиш борасидаги ишлар мутлақо янги босқичга олиб чиқилди.
Зеро, давлатимиз раҳбари ўз табригида таъкидлаганидек, аёлларнинг машаққати, заҳматию ташвишлари, масъулияти эркакларга қараганда бир неча баробар ортиқ. Шу сабабли мунис қизларимизга олий таълим бериш, илмга чанқоқ опа-сингилларимиз учун бу борада барча имкониятлар эшигини очиб бериш мамлакатни янада тинч ва осойишта, халқимизни тобора маърифатли қилиш йўлидаги муҳим ташаббусдир.
Жорий йилда ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида илм-маърифат, таълим, санъат, адабиёт ва бошқа йўналишларда самарали изланаётган қизларнинг катта гуруҳи халқимизнинг ардоқли шоираси Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
–Мамлакатимиз хотин-қизларига кўрсатилаётган эътибор бугун ҳар бир аёллар, қизларнинг тақдирида, ҳаётида ўз ифодасини топмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари Дилноза Жамолова. –Албатта бундай эътибор фарзандлар тарбияси, юрт тараққиёти, унинг порлоқ истиқболи йўлида янада самарали меҳнат қилишга, илмий-ижодий изланишга даъват этади.
–Қизларнинг билим олиши, олий маълумотли бўлиши йўлидаги амалий ишлар мамлакат миқёсида кенг қулоч ёзмоқда, – дейди Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 8-болалар мусиқа ва санъат мактабининг фортепиано синфи ўқитувчиси Меҳрибон Абдураззоқова. – Бунинг натижасида ота-оналар ўз қизлари бахту саодатини, умуман фарзандлари келажагини маърифат, билим билан вобаста кўрмоқда. Ўзбекистонлик ўқувчилар республика ва халқаро миқёсдаги кўплаб ижодий танловлар, спорт мусобақаларида жонажон Ўзбекистонимизнинг юзини ёруғ қилмоқда.
Дарҳақиқат, онажонларимиз – қалбимизда мангуга қолувчи ҳилқат, Ватандек азиз, табаррук зотлар. Мунис қизларимиз – эртанги кунимизнинг иқболи, ишончи.
Мусиқий дастур давомида санъат усталари ва ижрочи-ёшлар томонидан бахт ва баҳор, янгиланаётган Ўзбекистонимиз, мунис опа-сингилларимиз, онажонларимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Байрам муносабати билан ташкил этилаётган тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари