Янги Ўзбекистонни кашф этиб: таълим, тараққиёт ва халқаро ҳамкорлик
Мен меъморман. Касбим тақозосига кўра бутун умрим давомида тош, ғишт, кошин ва гумбазларнинг тилини ўқишга ҳаракат қилганман. Шу сабабли 2021 йилда Самарқандга илк бор қадам қўйганимда ўзимни бир вақтнинг ўзида ҳам мутахассис, ҳам оддий бир сайёҳ каби ҳис қилгандим.
Регистон олдида ўтказган биринчи оқшомим
Ўша оқшом Регистон майдонида узоқ туриб қолдим. Мирзо Улуғбек мадрасасининг пештоқидаги юлдузли нақшларга тикиларканман, бир ҳақиқатни англаб етдим: бу шунчаки гўзал бино эмас, бу – дунёдаги энг қадимги муҳандислик ва аниқ фанлар мактабларидан бири. Олти аср муқаддам бу ерда талабалар астрономия, геометрия ва ҳисоб илмини ўрганган. Бугун мен раҳбарлик қилаётган университетга айнан шу буюк аллома номининг берилгани – мен учун ҳар куни масъулият туйғусини беради.
Аммо ростини айтишим керак, ўша илк ташрифларим чоғида кўзим фақат обидаларга тушмади. Мен университет аудиторияларини, лабораторияларни, талабаларнинг иш столларини ҳам кўрдим. Иқтидор, меҳнатсеварлик, устозларда фидойилик бор эди. Лекин замонавий асбоб-ускуна етишмасди. Халқаро илмий журналларга чиқиш йўллари торроқ эди. Талабалар билан инглиз тилида эркин суҳбатлашиш ҳар доим ҳам осон кечмасди. Чет эллик ҳамкасблар билан қўшма лойиҳа қилиш ғояси кўпчиликка жасоратли орзудек туюларди.
Энди бир тафсилотга эътибор қаратинг, мен Ўзбекистонга келган 2021 йилда бу мамлакат ўз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаётган эди. Бугун эса мен бу сатрларни 35 йиллик арафасида ёзмоқдаман. Яъни тарих менга ажойиб бир имтиёз берди – Ўзбекистон мустақиллигининг энг сўнгги беш йилини четдан кузатмадим, уни кундалик иш жараёнида, аудиторияларда, кенгаш йиғилишларида ва қурилиш майдонларида бошдан-оёқ яшаб ўтдим. Тарих учун беш йил – кўз очиб юмгунча ўтадиган лаҳза. Аммо айнан шу лаҳзада бир мамлакатнинг ўз таълим тизимини қандай қилиб тубдан янгилай олишига шахсан гувоҳ бўлдим.
Ўзгаришлар: рақамлар ва улар ортидаги тақдирлар
Бугун Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 200 дан ошди. Улар орасида давлат олий ўқув юртлари билан бир қаторда ўнлаб нодавлат университетлар ва жаҳоннинг етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари ҳам фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси бир неча баробар ошди ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига мувофиқ бу кўрсаткични 50 фоиздан ошириш мақсад қилиб қўйилган.
Менга эса бу рақамларнинг ортидаги жонли манзара яхшироқ таниш.
Таълим жараёни тўлиқ кредит-модул тизимига ўтказилди ва Европанинг ECTS тизими қабул қилинди. Бу қуруқ маъмурий ўзгариш эмас, бу самарқандлик талабанинг Истанбул ёки Куала-Лумпурда ўқиган семестри ўз ватанида тан олиниши демакдир. “3+1” қўшма дастурлари ёшларга икки диплом билан битириш имконини берди. Халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурлари сони йилдан йилга ортиб бормоқда.
Мен келган 2021 йилда университетимиз талабаси учун Япония ёки Испанияда амалиёт ўташ деярли эришиб бўлмас орзу эди. Бугун бизнинг талабаларимиз Япониянинг Сетсунан университетида халқаро семинарларда қатнашмоқда, профессор-ўқитувчиларимиз АҚШнинг Саванна санъат ва дизайн коллежи (SCAD), Туркиянинг Йилдиз техника университети каби олий даргоҳларда малака оширмоқда. Университетимизнинг бугунги ҳамкорлик географияси 20 дан ортиқ мамлакатнинг қарийб 100 та университети ва йирик саноат корхонасини қамраб олади.
Энг катта ислоҳот бу – ишонч
Кўп мамлакатлар таълим ислоҳотлари ҳақида гапиради. Аммо давлат университети раҳбарлигини чет эл фуқаросига ишониб топшириш бу – жасоратнинг бутунлай бошқа даражаси.
Ўзбекистон ҳукумати айнан шу қадамни ташлади. Тошкент ва Самарқанддаги бир қатор олий ўқув юртларига хорижий мутахассислар ректор этиб тайинланди. Мен ҳам шу қарорлардан бирининг натижаси сифатида бу вазифани зиммамга олдим.
Ростини айтсам, дастлаб ҳаяжонландим: мени қандай қабул қилишади? Бошқа мамлакатдан келган, бошқа мактабда тарбияланган, бундан ташқари, аёл раҳбарга жамоа қандай муносабатда бўлади?
Бугун бу саволга аниқ жавоб бера оламан. Мени профессор-ўқитувчилар, талабалар, Самарқанд шаҳри ва вилоят раҳбарияти – барчаси очиқ юрак билан қабул қилди. Мен бу ерда меҳмон эмас, жамоанинг бир аъзоси эканлигимни ҳис қилдим. Ишонч оғир юк эмас, у қанот экан. Мени олдинга элтаётган нарса ҳам айнан шу.
Университетимиз мисолида
Яқинда университетимиз ҳаётида тарихий воқеа юз берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги қарорига мувофиқ Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилди.
Бу шунчаки ном ўзгариши эмас. Бу университетимизнинг меъморчилик ва қурилиш йўналишидаги кучли мактабини сақлаб қолган ҳолда, муҳандислик таълимининг кенгроқ майдонига чиқиш демакдир. Қарор доирасида 2027/2028-ўқув йилидан университетимизда Интеллектуал сув технологиялари илғор муҳандислик мактаби фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди. Марказий Осиё учун сув ресурсларини оқилона бошқариш масаласи қанчалик ҳаётий аҳамиятга эга эканини ҳисобга олсак, бу қарорнинг узоқни кўзлаб қабул қилинганини англаш қийин эмас.
Шунингдек, олий ўқув юртлари билан ҳудуддаги йирик саноат корхоналари ўртасида саноат ҳамкорлигини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди. Бу – илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича жаҳон амалиётида ўзини оқлаган модель.
Меъмор нигоҳи билан кўрилган беш йил
Касбим менга бир имтиёз берган: мен ўзгаришларни рақамлардан эмас, бинолардан ўқийман ва шуни айта оламанки, сўнгги беш йил мен учун очиқ осмон остида ўтган узоқ меъморчилик дарси бўлди.
Мен келган пайтда Самарқанд аэропорти ҳали эски терминалда ишларди. Бир йил ўтмай янги бино очилди ва уни биринчи марта кўрганимда таассуротлар катта бўлган. Терминал очиқ китоб шаклида қурилган: Мирзо Улуғбекнинг астрономик асари. Томида эса юлдузлар туркуми. Шаҳарга ҳаводан келган меҳмон, ҳали чамадонини олиб улгурмай, Улуғбек осмонини кўради.
Аммо мени энг кўп ҳайратлантирган яна иккита жой бор. Улар – Имом Бухорий мажмуаси ва Ислом цивилизацияси маркази.
Имом Бухорий мажмуасида юрар экансиз, аввало сукунатни ҳис қиласиз, кейин эса ишнинг кўламини англайсиз. Мақбара ҳам, уни ўраб турган тарихий муҳит ҳам ўз жойида қолди, атрофда эса бутунлай янги замон қатлами пайдо бўлди. Мен консервация билан шуғулланадиган мутахассис сифатида айтаман: бу бизнинг касбимиздаги энг қийин вазифа. Эскини сақлаб, унга шикаст етказмай янгини қўшиш учун маблағнинг ўзи кифоя қилмайди, бу ерда дид ва тарихга ҳурмат керак.

Тошкентда жорий йил баҳорида очилган Ислом цивилизацияси марказида юқорига боқсангиз, гумбаз остида юлдузли осмонни кўрасиз. Бу шунчаки безак эмас, бу – Тошкент осмонининг ҳақиқий юлдуз харитаси.

Ўшанда мен бир нарсани англадим. Аэропортда ҳам, бу ерда ҳам меъморлар бир хил ҳаракатни такрорлашган: янги бинони осмонга, яъни бу халқнинг энг қадимий илмий анъанасига боғлашган. Бу тасодиф эмас. Бу – ўз илдизини билган мамлакатнинг онгли танлови.
Бундай мисолларни эса бутун мамлакат бўйлаб учратишимиз мумкин. Янги тураржой массивлари, мактаблар, шифохоналар, йўллар – қурилиш бугун Ўзбекистонда энг жадал ривожланаётган соҳалардан бири. Бизнинг университетимиз учун бу шунчаки манзара эмас, балки кундалик масъулият: бу объектларни лойиҳалайдиган ва қурадиган муҳандисларни айнан биз тайёрлаймиз. Талабам бугун чизган чизма эртага кимнингдир уйи бўлишини билиш – ўқитувчи учун ҳам масъулиятли, ҳам фахр бахш этувчи туйғу.
Энг муҳими эса, бошқа нарсада. Бугун кампусимизда юрар эканман, хорижлик талабаларни учратаман. Инглиз тилида бемалол суҳбатлашадиган, халқаро грант лойиҳаларида иштирок этаётган ёш тадқиқотчиларни кўраман. Муҳандислик йўналишларида таҳсил олаётган қизларимизнинг сафи кенгаймоқда – бу мен учун алоҳида қувонч.
Мустақилликнинг 35 йили ва олдинда турган йўл
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мен бу мамлакатга ташқаридан келган, аммо энди ўзини унинг бир қисми деб ҳис қиладиган инсон сифатида фикр билдирмоқдаман.
Олти аср муқаддам Мирзо Улуғбек Самарқандга ўз даврининг энг яхши олимларини таклиф қилган. У билим чегара билмаслигини, илм фақат очиқлик шароитидагина ривожланишини яхши тушунган. Бугун Ўзбекистон айнан шу анъанани янги тарихий босқичда тикламоқда.
Йўл ҳали узоқ. Халқаро рейтингларда мустаҳкам ўрин эгаллаш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, битирувчиларни сифатли иш билан таъминлаш – буларнинг барчаси йиллар давом этадиган меҳнатни талаб қилади. Аммо энг қийин қадам аллақачон ташланди: йўналиш танланди ва бу тараққиёт йўлидир.
Мен ўз ҳамкасбларимга – Туркия, Европа, Осиё ва Америка университетларидаги дўстларимга доим бир гапни айтаман: агар сиз таълим соҳасидаги ҳақиқий ўзгаришлар қандай бўлишини ўз кўзингиз билан кўрмоқчи бўлсангиз, Ўзбекистонга келинг.
Бу ерда келажак қурилмоқда ва мен бу жараённинг иштирокчиси бўлганимдан фахрланаман.
Доктор Чидем Жанбай ТУРКЙИЛМАЗ,
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат техника университети ректори.
ЎзА