
Юрти тинчнинг эли тинч, дейди донишманд халқимиз. Зеро, ўзбек халқи тинчлик ва озодликнинг қадрига етади.
Биз мулоҳазаларимизни бежиз тинчлик қадридан бошламадик. Янги Ўзбекистоннинг халқчил ислоҳотлари замирида ҳам, албатта, тинчлик-осойишталик, ўзаро аҳиллик, бағрикенглик тамойиллари ётибди.
Афсуски, яхши кунларни кўролмайдиган, элу элатлараро фисқу-фасод сочадиган, ғийбат қилиб, тинчликка рахна солишга уринувчилар ҳам бор. Гапни очиқ айтамиз, кейинги вақтларда янги Ўзбекистон ислоҳотларига таъриф беришда нотўғри талқинлар ҳам урчимоқда. Хусусан, айрим хориж матбуоти вакиллари янги Ўзбекистондаги ислоҳотларга шубҳа билан, қандайдир ғаразли ёндашувлар асосида хабарлар тарқатиш ҳоллари кузатилмоқда.
Шу ўринда уларга бизнинг ҳам айтар гапларимиз бор. Аввало, Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида “...бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз”, дейилади.
Дарҳақиқат шундай. Биз бугун кимгадир ёқса-ёқмасада, катта янгиланишлар даврига қадам қўйганмиз. Ва бу ислоҳотларни бировга ёқиш учун ҳам қилмаяпмиз.
Биринчидан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан аҳил қўшничилик муносабатларида туб, янги бурилиш даври бошланди. Бунда чегаралар очилди, назорат-киритиш пукнтлари ташкил этилди. Қўшни давлатлар билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот ўрнатилди.
Бундан саноқли йиллар олдин бу манзара қандай эди? Узатса қўл етгулик жойда жойлашган биродар халқимиз йиллаб бир-бириникига боролмади, фарзандлар ота-онасини, қариндошларини соғиниб яшади. Ҳатто ота-онасини сўнгги манзилга кузата олмаган фарзандлар, келинларни биламиз. Уларнинг қалбидаги армон оғриғини сўндириш мумкинми?! Асло йўқ. Бугун халқларимиз ўртасида аҳил қўшнилик муносабатлари тикланди.
Иккинчидан, валюта бозори эркинлашди, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Бир вақтлар банк пластик карточкамиздаги пулни нақдлаштириш учун кунлар банк эшиги олдида сарғайганимиз, 25-30 фоизгача ушлаб қолиш шарти билан нақд пул олишга ҳам рози бўлганимиз ҳали ёдимиздан чиққани йўқ.
Учинчидан, мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнатига барҳам берилди. Тўрт-беш йил олдин куз келиши билан мактаблар, олий ўқув юртларида ўқиш деярли тўхтарди. Юқори синф ўқувчилари, талаба-ёшлар, ўқитувчию шифокорлар, қўйингки, барча касб эгалари пахта даласига “ҳайдаларди”. Бугун шу амалиётга ҳам чек қўйилди.
Тўртинчидан, ОАВларнинг жамиятдаги, муҳим ҳукумат қарорлари қабул қилинишдаги роли оширилди. Аввал бирон очиқ сўз айтишга қўрққан журналистлар, блогерлар бугун ҳеч ҳайиқмасдан жамиятдаги оғриқли муаммоларни очиқ айтмоқда. Энг муҳими, бу муаммоларга Президентнинг шахсан ўзи эътибор қаратиб, журналистларни қўллаб-қувватлаб турибди. Бу ҳам мамлакатда янги тараққиёт даврига асос солди.
Бешинчидан, Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари иш бошлади. Бир замонлар халқимиз дардини кимга айтишни билмасди. Ҳокимлар эшиги ёнига йўлаб бўлмасди. Бугун мутлақо бошқача, ҳокимлар эшиги халқ учун очилди, улар уйма-уй юриб халқ дардини эшитмоқда, муаммоларга ечим топилмоқда. Пировардида, неча-неча йиллар давомида одамларни қийнаб келган масалалар жойида ҳал бўлмоқда. Бу ҳам янгича сиёсат эмасми?!
Олтинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва қуролли кучлар тизими тубдан ислоҳ қилинди. Эътибор беринг, бу тузилмалар бир замонлар халқимиз наздида фақат жазоловчи орган сифатида ўзини намоён этганди. Бугун ички ишлар органлари халқ манфатларини ҳимоя қилувчи кучга айланди. Одамларнинг орган ходимларига ишончи ва ҳурмати ошмоқда.
Еттинчидан, солиқ ислоҳотлари амалга оширилди. Бу жараёнда тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юки камайтирилди, солиқ таътиллари эълон қилинди. Бугунги тадбиркор кечаги тадбиркор эмас. Бугун улар томмаънода иқтисодиёт драйверларига айланди. Инвестиция киритишга қўрқмаяпти, чунки давлат уларнинг манфаати учун ихтисослашди. Натижада минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлди. Бу минглаб оилалар тўкис ҳаёт тарзига ўтди, деганидир.
Саккизинчидан, давлат хизматлари тизими ривожланди. Уларнинг сифати ва самарадорлиги ошди. Яъни, бугун фуқароларимиз уйида ўтириб ҳам турли хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бунда ортиқча талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ҳам қисқартирилгани эътиборлидир.
Тўққизинчидан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари халқаро миқёсда ҳам кенг кўллаб-қувватланмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг халқаро мулоқот доираси кенгайди.
Ўнинчидан, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида 100 дан зиёд миллат фидойилари, озодлик учун жон берган жадидчиларимиз расман оқланди. Бу қутлуғ жараёнда бир замонлар “босмачи” тамғаси босилган аждодларимиз оқланганини халқимиз катта мамнуният билан қабул қилгани, тарихий адолатнинг тикланиши, дея баҳолаганини ҳам эътироф этиш жоиз.
Мухтасар айтганда, янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлари ҳақида жуда узоқ гапириш мумкин. Яна бир гап, агар кимдир янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга шубҳа қилса ёки уни эскинча, деб баҳоласа, бизнинг эшикларимиз очиқ, халқимиз уларни катта мамнуният билан кутиб олишга ҳам тайёр. Марҳамат, келинг, уйимизда меҳмон бўлинг. Ислоҳотларнинг амалий ифодасини, одамларнинг бугунги яшаётган кунидан розилигини ўз кўзингиз билан кўринг.
Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори.