Янги Ўзбекистонда янгиланаётган Янгибозор!
Бир элки жамолин кўрган ҳайратда Ёшларининг ўйи ўқиш, меҳнатда, Ўз ўрни бор шу мустақил давлатда. Гуллаган бўстоним, сўлим гулзорим, Воҳанинг гултожи Янгибозорим!
М.Нурманова
Ватан меҳрини, ватан сеҳрини, унинг мўътабарлигию улуғворлигини сўз билан ифодалаш қийин. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Мана жонимиз каби азиз ва муқаддас Ватанимиз -Ўзбекистонимиз ўзининг ўттиз ёшини нишонламоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимизда рўй бераётган ислоҳотлар инсонлар ҳаётида, оилалар тақдирида ўчмас из қолдирмоқда. Таълим, тиббиёт, иқтисодиёт, саноат, қурилиш, умуман, барча соҳадаги юксалишлар эса ҳар бир кишини тўлқинлантириши, уларни Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга ундаши, шубҳасиз. Шундай кунларда ўтган ўттиз йиллик тарихни эслаб, сарҳисоб қилиш истаги уйғонади инсонда.

Худди шу истак рўёби сифатида тумандаги маҳаллаларда “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирлари ташкил қилинди. Тадбирларга ташриф буюрган ўрта, кекса авлод вакиллари ўзлари яшаган даврнинг ўзига хосликлари ҳақида гапирдилар.
- “Биз мактабда ишлаб юрган давримизда ўқитувчи ва ўқувчилар пахта даласида эрта баҳордан кеч кузгача меҳнат қилишга жалб қилинар эди. Қани эди биз ҳам бемалол ўқувчиларни ўқитиб, ўз ишимизни қилсак дея орзу қилар эдик. Бугун мактаблар қиёфаси, ундаги таълим-тарбияга берилаётган эътибор, ёшларнинг ютуқлари кишини қувонтиради. Бу имкониятларни кўриб, яна устоз қадри қадрларган юртда ишлаш, яшаш завқи ортади инсонда”, - дея сўзлаб берди учрашувлардан бирида фахрий устоз Дилбаржон Артиқова.

“Бугун инсон манфаатлари, унинг дарди, саломатлиги, таълим тарбияси биринчи ўринга қўйилган юртда яшаяпмиз. Бундан йигирма йил, ўттиз йил,
қирқ йил олдин ким ўйлабди дейсиз раҳбарлар уйма-уй юриб, халқ билан суҳбат ўтказади, уларнинг муаммоларини аниқлаб, жойида бартараф қилиш чораларини кўради деб. Бир нечта хорижий тилда ўз она тилидек бемалол гапираётган, фан-техника, қурилиш, спорт, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз сўзини айтаётган ёшларни кўриб кўз қувонади”,-дейди меҳнат фахрийси Раҳимбой Шержанов.
“Жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганида “Янги Ўзбекистон”, “Янги Ўзбекистон тажрибаси” деган иборалар тилга олинмоқда. Бу мамлакатимизда кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофи десак ҳечам муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда биз учинчи уйғониш даври остонасида турибмиз. Агар Ўзбекистон Президентининг кейинги беш йилда ҳаётимизнинг биргина йўналиши, яъни маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, фармон ва қарорлари, тасдиқлаган Давлат дастурлари, илгари сурган янгидан-янги ташаббусларининг мағзини тўла чақиб кўрсак ҳам, навбатдаги Маърифат Ренессансининг маркази Янги Ўзбекистон эканига ҳеч кимда шубҳа қолмайди”,-дея ўз фикрларини баён қилди туман халқ таълими бўлими мудираси Гўзалхон Жуманова.

Дарҳақиқат, бугун Янги Ўзбекистон бағрида янгиланаётган Янгибозоримизда мисли кўрилмаган даражада бўлаётган ўзгаришлар, туман аҳлига халқ бирлиги, иродаси, эртанги кунга ишончи ифодасини кўрсатаётгандек назаримизда.
Туман марказида мутлақо янги қиёфа кашф этган истироҳат боғи бугун халқ қувончи билан, жажжи болажонлар кулгуси билан гавжум. Истироҳат боғида қад ростлаган буюк алломалар бюстларини кўриб, таниқли шоир Омон Матчоннинг “Қуёш соати” китобидан шундай жумлалар эсга тушади: “Хоразмда тоғлар йўқ эмас, бор! Хоразм тоғлари воҳани тонгда қуёшдан тўсиб қўймаслик учун одамлар қиёфасида яшашади! Улар - Хоразмий, Беруний, Шайх Нажмиддин Кубро, Замахшарий, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Хожихон, Комилжон…”.
Истироҳат боғи марказида тўлқинланиб, ҳар хил рангда кўкка қадар интилиб, инсонларга завқу-шавқ улашаётган фавворани айтмайсизми!
Туман ҳокимлиги биносида янгидан ташкил қилинаётган маънавият маскани – кутубхона эса барча учун ҳақиқий байрам туҳфасига айланди. “Бир пайтлар фақат иштирокчиларни тўлдиришга ҳаракат қилинган, мажлисбозлигу, бир-бирини ҳақорат қилиш учун қурилган зал дея таърифланган туман ҳокимлигининг катта йиғилишлар зали бугун маънавият ва маърифат ўчоғи, инсонларга зиё улашиш масканига айлантирилмоқда .
Хуллас, янги Ўзбекистон бағрида янгиланаётган Янгибозоримиздаги бу каби ривожланишлар, ўзгаришлар фақат инсонлар манфаати, уларнинг озод ва обод юртда муносиб ҳаёт кечиришларини кўзланган юксак мақсадлар ифодасидир!
Шундай юртда яшаётганинга қайта-қайта шукрона айтгинг келади!
Дилрабо ТАЖИМУРАТОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти Янгибозор туман бўлинмаси бош мутахассиси