Янги Ўзбекистонда таълим ривожи
Ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос малакали кадрлар тайёрлаш ва Учинчи Ренессанс ғоясини рўёбга чиқарадиган янги авлодни вояга етказиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди, инсоният фан ўқи атрофида айланаётгандек гўё. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбекистоннинг буюк давлатга айланишида таълим-тарбия ишларини оқилона йўлга қўйиш, фуқароларни замонавий илм-фан, маданият, техника ва технология ютуқлари билан мунтазам равишда таништириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Чунки тараққиёт тақдирини маънавий жиҳатдан етук, техникавий билимлар ва мураккаб технологияни эгаллаган юксак салоҳиятли одамлар ҳал этади. Бугун Янги Ўзбекистонни қуриш учун барча соҳа тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бундай шиддат ила ривожланаётган жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида сўзламасликнинг иложи йўқ. Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилди. Президентимиз таъкидлаганидек: “Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди”.
Бугунги кунда олий таълим тизимида ҳам туб бурилишлар рўй бермоқда. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш ва бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади.
Жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари илм-фаннинг йирик ўчоқлари ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирда янги-янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари, замонавий янги мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилгани, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилиши олий таълимга қамраб олиш кўламини янада кенгайтирди.
Таълим соҳасидаги бугунги камчиликларнинг бартараф этилиши, халқаро меъёр ва қоидаларнинг тезроқ қабул қилиниши, жаҳон стандартларига асосланган миллий таълим классификацияси стандарти ва миллий касблар классификацияси стандарти яратилиши янги Ўзбекистоннинг халқаро таълим
ҳамжамиятига интеграциялашувига ва малакали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга олиб келади.
Хулоса қилиб айтганда, таълим соҳасида амалга оширилаётган истиқболли вазифалар, ўзининг долзарблиги, амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.
Биз янгиланиш ва янги кашфиётлар остонасига жуда яқин келдик. Бизнинг йўлимиз аниқ, мақсадни белгилаб олганмиз ва биздан, аввалги устозлар ўз ҳаётини илм олишга, Ватанга бағишлагани сингари фидойилик талаб этилади ва шунда албатта, мақсадга етамиз.
Маҳбуба Расулова,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.
ЎзА