ФОТОРЕПОРТАЖ
Термизда Сурхондарё тажрибаси мисолида “Ёшлар ва талабалар” фестивали бўлиб ўтди.
Фестиваль Термиз шаҳридаги Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобхон талаба” танлови билан бошланди. Қизғин ва муросасиз ўтган танловда Термиз давлат Педагогика институти талабаси Хуршида Тожимуродова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ўринга Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали талабаси Акбар Ҳайитов ва учинчи ўринга Термиз давлат университети талабаси Дилдора Поёнова муносиб кўрилди.
Ёшлар байрами “Ҳашар – биз ёшларга ярашар”, “Музейлар – ёшлар нигоҳида” каби лойиҳалар билан давом этди. Талабалар ўртасида волейбол ва баскетбол спорт турларидан мусобақалар, “Қувноқлар ва зукколар” танлови, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Бахшичилик” миллий таомлар тайёрлаш мусобақалари ўтказилди.
Таъкидлаш керак, ҳозирда вилоятдаги олтита олий таълим муассасасида 50 мингдан зиёд йигит-қиз таълим олиб, Янги Ўзбекистонга муносиб кадрлар бўлиб етишмоқда. Уларнинг илм-фан сирларини чуқур эгаллаши, жисмонан тобланиши ва ўз истеъдодини кенг намойиш этиши учун барча шароит яратилган.
[gallery-22756]
Фестивалнинг тантанали тақдирлаш маросими вилоят ҳокимлиги биноси қошида бўлиб ўтди. Унда мусобақалар, танлов ва ўйинлар ғолибларига совғалар ҳамда пул мукофотлари топширилди.
Тадбир таниқли санъаткорлар ва вилоят хонандаларининг гала концерти билан якунланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА