“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”
Навоий шаҳрида Ёшлар ойлиги доирасида ўтказилган “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги ёшлар фестивали ўз ниҳоясига етди.
Дастлаб вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов бошчилигида секторлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари шаҳар марказидаги Маданият ва истироҳат боғида ҳунармандчилик буюмларидан ташкил топган кўргазмани кўздан кечириб, тадбирга ташриф буюрган нуронийлар билан суҳбатлашди.
Ёшларни жисмонан соғлом, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ўтказилган фестивалнинг ёпилиш маросимида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
[gallery-7746]
Фестиваль доирасида “Ҳоким ва битирувчи ёшлар”, шеърият кечалари, “Ёш китобхон оила ”, “Ёш ошпаз”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Заковат”, “Модалар намойиши” каби тадбирлар, “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам”, турли спорт мусобақалари, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намойиш этишлари учун робототехника ва инновацион ишланмалар кўргазмалари ташкил этилиб, уларда ёшлар фаол иштирок этди.
Тадбирда турли танловлар, “Беш ташаббус олимпиадаси” ва футбол, мини футбол бўйича “ДХХ раиси кубоги” мусобақалари вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган спортчилар ва жамоалар “Диплом”, қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Санъат усталари ва ёш истеъдод эгалари ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА