Навоий шаҳридаги “НКМК тарихи” музейида “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” шиори остида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Навоий кон-металлургия комбинати Касаба уюшмаси Кенгаши раиси Исроил Раҳматов тизимда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланганидек, комбинат ишчи-ходимларини ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, 73 минг нафардан ортиқ аъзоси бўлган касаба уюшмаси Кенгаши ва унинг бўлинмалардаги 6 та қўмита, 41 та бошланғич ташкилотнинг ўрни беқиёс. Асосий мақсад, касаба уюшмаси аъзоларининг касбий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий, экологик, интеллектуал ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Жумладан, касаба уюшмаси тасарруфида ташкил этилган “Бирдамлик” жамғармаси томонидан 2020-2021 йилларда 900 нафар кам таъминланган, ёлғиз пенсионер ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимга 1,4 миллиард сўм, бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан кам таъминланган, ёлғиз пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли ишчи-ходимларга 5,7 миллиард сўм ажратилган бўлса, жамоатчилик асосида фаолият олиб бораётган 11 минг 456 нафар касаба уюшмалари фаоллари 2,8 миллиард сўм миқдорида рағбатлантирилди. Ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшмаси томонидан 20 та ногирионлик аравачаси харид қилиниб, тиббий-санитария бўлимига берилди.
НКМКда меҳнат муҳофазаси алоҳида назоратга олинган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнини имкон қадар хавфсиз қилишни кўзлаб, янги ва хавфсиз технологиялар жорий қилинмоқда. Мавжуд техника ва технологияларни модернизациялаш, рационализаторлик ҳаракатини кенг қўллаб-қувватлашга эътибор берилмоқда. Корхонада бугунги кунда икки минг нафарга яқин меҳнат муҳофазаси вакиллари ишлаб чиқариш участкалари ва цехларда меҳнат шароитлари ва уни муҳофаза қилиш ҳолатлари бўйича даврий текширувлар ўтказмоқда. Аниқланган камчиликлар зудлик билан бартараф этилаётир.
Жамоа шартномасида белгилангандек, бўлинмалар ишчи-ходимларининг маиший ва меҳнат шароитлари тобора яхшиланмоқда. Улар зарур маиший техникалар билан таъминланмоқда. Касаба уюшмаси томонидан ана шу мақсадлар учун 3,8 миллиард сўм маблағ сарфланди. Касаба уюшмаси томонидан “Пандемия даврида ишчи-ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ташкил этилиб, мазкур жамғарма ҳисобидан ўтган йили 1 минг 468 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож пенсионер ва ишчи-ходимларга 1 миллиард 45 миллион сўм моддий ёрдам ажратилди.
Муҳандис-техник ходимларнинг меҳнат муҳофазаси юзасидан билим даражаларини ошириш мақсадида улар ўртасида “Ишнинг энг яхши ташкилотчиси ва меҳнат муҳофазаси бўйича қонун ва қоидалар билимдони”, меҳнат муҳофазаси вакилларини рағбатлантириш учун “Йилнинг энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили” кўрик-танловлари ўтказилмоқда.
Ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари ва пенсионерларни соғломлаштириш Касаба уюшмалари Кенгаши фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири. Навоий шаҳрида “Металлург”, Учқудуқ шаҳрида “Кончи” санаторий-профилакторийси, Нуробод шаҳрида “Нуробод” санаторийси, Бўстонлиқ туманининг хушҳаво бағрида "Горняк” пансионати, Зомин туманида “NKMK” санаторийлари фаолият кўрсатади. “Тўдакул” оромгоҳи эса мавсумий дам олиш учун мўлжалланган. Ушбу дам олиш масканларида ҳар йили имтиёзли йўлланмалар билан комбинатнинг 14-15 минг нафардан ортиқ ишчи-ходими ва уларнинг оила аъзолари дам олмоқда. Жорий йилда санаторий, профилакторий, дам олиш масканларида комбинат ишчи-хизматчилари ва фахрийларидан 15 минг нафардан ортиқ киши соғломлаштирилиб, шу мақсадда 22 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ сарфланиши мўлжалланмоқда.
НКМК тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг шаҳардан ташқарида 6 та – “Зарафшон”, “Сармиш”, “Сўғдиёна”, “Болажон”, “Паҳлавон”, “Келажак”, шаҳар ичида 3 та –“Табассум”, “Юлдуз”, “Булбулча” каби болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ва юқори синф ўқувчилари учун 2 та меҳнат ва дам олиш оромгоҳида ҳар йили ёз мавсумида 10,5 минг нафардан зиёд фарзандлар соғлаштирилади.
Ҳар йили Томди, Учқудук, Нурота туманларидаги кам таъминланган оилалар учун 500 та бепул йўлланма ажратилади. Комбинат болалар оромгоҳларида корхона ишчи-хизматчиларининг фарзандларидан ташқари Навоий вилояти шаҳар ва туманларида истиқомат қилаётган кўп болали оилалар ўғил-қизлари, болалар уйлари тарбияланувчилари, ногиронлиги бўлган 1 минг 470 нафар болажонлар дам олади.
[gallery-4602]
Ички туризмни ривожлантириш мақсадида, комбинат ишчи-хизматчиларининг республикамизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби қадимий ва навқирон шаҳарларига саёҳатлари мунтазам уюштирилмоқда. 2018 йилда комбинатнинг 2 минг 300 нафар ишчи-хизматчиси шундай туристик саёҳатда бўлган бўлса, жорий йилнинг ўн ойида бу рақам 3 минг 227 нафар кишини ташкил этмоқда.
Комбинатда спорт-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Корхона бўлинмаларида замонавий ўйингоҳлар, сузиш бассейнлари, спорт саройи, жисмоний тарбия-соғломлаштириш мажмуаси, 90 та зал фаолият кўрсатмоқда. Сунъий қопламали янги мини футбол майдонлари қурилмоқда. Комбинатда 9 минг нафар ишчи-хизматчи ва уларнинг оила аъзолари спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Тўрт минг нафарга яқин болалар спорт тўгаракларида қатнашмоқда.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва журналистлар саволларига атрофлича жавоб берилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА