Янги Ўзбекистон - янги имкониятлар демак
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида “Янги Ўзбекистон - янги имкониятлар демакдир” шиори остида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори Нарзулла Жўраев мамлакатимиз тарихи, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Учрашув чоғида энг улуғ, энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиздаги етакчи ижтимоий-сиёсий нашрлардан бири - «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюси хусусида қизғин муҳокама бўлиб ўтди.

Нарзулла Жўраевнинг таъкидлашича, президент Шавкат Мирзиёев ўзининг айнан мана шу интервьюсида «Янги Ўзбекистон»ни барпо этиш йўлининг мазмун-моҳиятига яна бир карра батафсил тўхталиб, «Янги Ўзбекистон» халқимизга нима беришини, мазкур сиёсий йўлнинг асоси, тарихи ва устуворликлари нималардан иборат эканлигини моҳирона шарҳлаб берди.
- Айнан мана шу суҳбат мамлакатимизнинг бугуни ва эртанги куни ҳақида, давлат ва жамият тараққиётининг муҳим устуворликлари тўғрисида батафсил, очиқ суҳбат бўлганлигини таъкидлашни истардим, - дейди Нарзулло Жўраев. - Бу интервьюда юртимизнинг шижоатли етакчиси ўз халқига садоқат билан хизмат қилиш, миллион-миллион инсонларнинг ишончини оқлаш принципларига бўлган ўзининг букилмас иродаси ва садоқатини яна бир бор яққол исботлади. Дарҳақиқат, бугун дунёда Янги Ўзбекистон давлати нафаси, қадамлари, мақсадлари сезилди. Эришаётган муваффақиятлари эътирофи тобора кенгаймоқда. Бунинг асосий сабаби эса – «Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА