Ҳар қандай мамлакатнинг демократик ва инсонпарварлик хусусиятларидан бири – инсонга бўлган муносабат, инсон ҳуқуқи ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётганлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам кўпгина мамлакатлар тарихий ривожланиш жараёнида инсон ҳуқуқларига оид ўз қонунлар тизимини яратган.
Маълумки, «Янги Ўзбекистон» деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда. Бунинг асосини 1992 йил 8 декабрда собиқ иттифоқ республикалари ичида биринчи бўлиб қабул қилинган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати ҳисобланган Конституциямиз ташкил қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим”.
Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Ушбу жараёнда таълим олиш ҳуқуқи жуда катта аҳамият касб этади. Жамиятни модернизация қилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш, келажаги буюк давлатни барпо этиш, биринчи навбатда, таълим олиш ҳуқуқига бўлган муносабатга боғлиқдир. 2020 йилнинг 23 сентябрида 75-моддадан иборат янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, қонунга инклюзив таълим тушунчаси ҳам сингдирилди. Бу эса, ҳар бир боланинг таълим олишдаги тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ҳар қандай дискриминация ва камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасида фуқароларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатиш, ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашда мазкур қонун асосий роль ўйнайди.
Конституциямизнинг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, 55-моддада “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб белгиланган.
Сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган муҳим ташкилий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий чора тадбирлар амалга оширилди. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам глобал иқлим ўзгариши ва Орол муаммосига эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида: “ Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса, Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди”, деб айтган фикрлари ҳаётда ўз ифодасини топди. 2021 йилнинг 18 майида БМТнинг “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида махсус Резолюция”ни қабул қилди. Ушбу тарихий ҳужжат нафақат Ўзбекистон, балки Оролбўйи минтақасида жойлашган қўшни мамлакатларимиз тақдири учун ҳам дахлдор ҳужжат бўлди. Бундай тадбирларнинг барчаси Ўзбекистон Конституцияси нормаларининг амалдаги татбиғидир.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Бу бир томондан Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири эканлиги, иккинчи томондан, аждодлар анъаналарига содиқлик, яъни халқлар, давлатлар, миллатлар, динлар ўртасидаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги фаоллиги билан белгиланади. Буларнинг барчаси истиқлол ва Конституция неъматидир.
2021 йил 15-16 июль кунлари мамлакатимиз юқори даражадаги «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференциянинг ташаббускори бўлди. Бу анжуман Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатларнинг умумий манфаатларини акс эттирди. Иштирокчи мамлакатлар тинчлик ва барқарорликка хавф солувчи трансмиллий таҳдидларга қарши биргаликдаги саъй ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олди. Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, «Бизнинг олдимизда Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турибди». Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдек бош мақсадга эришиш, минтақа салоҳиятини тўла юзага чиқариш, ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу ҳаётий ташаббус қардош халқларимизнинг манфаатларига мос бўлгани учун кенг қўллаб-қувватланди ва тезда амалга ошди.
Ўзбекистон Конституциясининг 17-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.
Президентимиз Конституция қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда таъкидлаганидек, “Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз”.
Мамлакатимиз ҳар бир фуқароси хорижда ишлаши, ўқиши, дам олиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатлаб қўйилган. Аммо бу ҳуқуқларни баъзи бировлар суистеъмол қилаётгани нафақат ачинарли, балки ташвишли ҳамдир. Чунки, ҳали-ҳануз қонунлар моҳиятини англолмаётган, қонуний йўл қолиб, алдамчилар тузоғига ўлжа бўлаётган ҳамюртларимиз кўплаб топилади. Ўзбекистон чегарасидан ташқарига чиққан ҳар бир фуқаро шу юртнинг дунё ҳамжамияти олдидаги мавқеи, обрў-эътибори олдида масъул эканлигини унутмаслиги лозим. Афсуски, айрим ҳамюртларимизнинг хориж мамлакатларидаги фаолиятлари, ҳатти-ҳаракатлари миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушмоқда. Ҳар йили бир неча юзлаб ҳамюртларимиз турли давлатлардан Республикамизга депортация қилинмоқда. Демак, улар борган мамлакатларнинг қонунларини қўпол равишда бузгани учун расмий равишда чиқариб юборилмоқда. Бундай фуқароларнинг кўпчилигини аёллар ташкил этаётганлиги кечирилмас бир ҳолдир.
Қонунга итоаткорлик бу – юксак ҳуқуқий онглилик, жамият ва давлат манфаатларини чуқур тушуниб етиш, ижтимоий бурч, яъни ўз қилмишлари учун давлат олдида, жамият олдида жавобгарлик туйғуси билан узвийдир. Қонунга итоаткор ҳар бир фуқаро қонунларнинг талаблари жамиятнинг юксак манфаатларини ифода этишини, қонунларга риоя қилиш фақат халқ манфаатларига эмас, балки унинг ўз манфаатларига ҳам хизмат қилишини яхши тушунади. Қонун одамларни бирлаштиради, қонунбузарликларни, қонунни менсимаганларни эса, қонун доирасидан ташқарига чиқариб қўяди. Қонунга итоаткорлик, ақл идрок, виждон, ички эътиқод масъули бўлиб, инсонда олийжаноб фазилатларни тарбиялайди.
2008 йилнинг 17 апрелида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинган эди. 2020 йилнинг 17 августида янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатнинг ўз вақтида қабул қилинганлиги мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жуда катта тарихий аҳамиятга эга бўлди. Буларнинг асосини инсон ҳуқуқлари кафолати ҳисобланган Ўзбекистон Конституцияси ташкил қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда «Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз» деган улуғвор мақсад шаклланди ва «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга фаол кириб бормоқда. Ушбу буюк мақсадларга эришишда инсон ҳуқуқлари ҳимояси алоҳида аҳамият касб этади.
Абира Ҳусейнова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Бухоро давлат университети профессори, фалсафа фанлари доктори