Бугун, 6 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадиони ҳудудида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университетига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистон” университетига кириш имтиҳонларининг 1-босқичи – саралаш жараёнларига жами 6000 дан ортиқ талабгорлар рўйхатдан ўтган. 1-босқичдан 1213 нафар номзод муваффақиятли ўтиб, тест синовларида иштирок этди.
— Ушбу университетга механика муҳандислиги бўйича ҳужжат топширдим, — дейди Заҳрохон Анварова.— Дарахт бир жойда кўкаради, деган мақол бугунги кунга тўғри келмай қолгандек назаримда. Чунки бугунги ёшларга берилаётган имкониятларни кўриб одам кўп нарсаларни билгиси, жуда кўп касбларни эгаллагиси келади. Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавобларида “Янги Ўзбекистон” университети мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари учун намуна бўлади. Энг билимли ва истеъдодли ёшларимиз шу ерда ўқийди”, деган жавобни бердилар. Бундай фикрлар шахсан менга жуда катта мотивация берди. Энг билимли ёшларимиздан ташкил топадиган ушбу олийгоҳда ўқиб, тенгдошларимга ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан.
[gallery-3791]
Таъкидлаш жоизки, “Янги Ўзбекистон” университети ўз йўналишида “Дунёнинг энг яхши 100 университетлари” рейтингида 1-ўринда турадиган Массачусетс технология институти билан ҳамкорлик қилади.
Университетга маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда хорижий педагог-кадрлар ҳам жалб этилган.
Мазкур университетга йўналишлар кесимида, механика муҳандислигига 100 ўрин, кимё муҳандислигига 100 ўрин, дастурий таъминот муҳандислигига 100 ўрин квота ажратилган.
— “Янги Ўзбекистон” университетига имтиҳонлар Cambridge Assessment ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилди, — дейди Cambridge Assessment ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стеве Кинг. —Саволлар мактаб дарсликлари асосида тузилган. Саволлар солинган конвертлар муҳрланган ҳолда бизга топширилди ва ҳар бир имтиҳон жараёни бошланган пайтда номзодлар гувоҳлигида очилди. Ҳар бир фан учун ярим соат вақт ажратилди. Имтиҳон тугаганидан кейин жавоблар варақаси йиғилди ва бизга, яъни Cambridge вакилига топширилди.
Имтиҳон натижалари сентябрь ойининг охирига қадар эълон қилиниши кўзда тутилган.
Нигора Раҳмонова, ЎзА