ФОТОРЕПОРТАЖ
Инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳри-муҳаббатини оширувчи узоқ қадим йиллик шодиёналардан бири Наврўз айёмидир. Шунинг учун ҳам бу байрам шукуҳи йил давомида халқимиз билан ҳамроҳ бўлиб, тантаналар ҳали ҳам давом этмоқда.
Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Янги Ўзбекистон университетида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан байрам сайллари ташкил этилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Агентлик директори Ҳилола Умарова талабаларни Наврўз айёми билан табриклаб, ёшариш, янгиланиш байрами билан барчани қутлади.
[gallery-6411]
Тадбир давомида талаба-ёшлар ўртасида турли спорт ўйинлари, мусобақалар ўтказилди. Хоразмнинг дилтортар «Лазги»си, Андижоннинг шўх «Полька»си тадбир меҳмонларини ўйнашга «мажбур» қилди. Ўзбек миллий ўйинлари, айтишувлар ва аскиялар, «Келин салом» ҳамда бир қатор миллий урф-одатлар намойиши ўзга миллат тегишли профессор-ўқитувчи ва талабаларда катта таассурот қолдирди.
– Наврўз – баҳор байрамида ҳар бир вилоят ўзининг миллий таомлари, халқ ўйинлари билан чиқишлар тайёрлаган. Кўксомса ва сумалак, палов каби таомлар дастурхонга тортилди. 10 йил давомида Қозоғистон Республикасида ҳам фаолият юритганман ва у ерда олган тажрибаларим бугун менга жуда фойда бўлмоқда. Ўзбекистон ўзининг меҳмондўстлиги ва халқининг ширинсўзлиги билан ажралиб туради, – дейди университетнинг компьютер муҳандислиги ўқитувчиси Анееш Прадееп.
Тадбир иштирокчилари ва талабаларга палов тортилиб, байрамона кайфият улашилди.
Файзулло Яҳёев, Отабек МИРСОАТОВ (сурат) ЎзА