Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасини диққат билан тинглаган ҳар бир юртдошимиз поёнига етиб бораётган 2020 йилнинг жамики қувонч ва ташвишлари, синов ва машаққатларини бор кўлами билан ҳис этди, десак адашмаймиз.
Бу ҳисоб жиҳатидан Президентимизнинг Парламентга, халқимизга йўллаган тўртинчи Мурожаатномаси. Бироқ, моҳият эътибори билан аввалгилардан фарқ қилади.
Негаки, бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган кулфатлар, қийинчиликлар туғдирган коронавирус пандемияси билан кечган йилимиз, бу офатнинг хавф-ҳатари ҳали-ҳануз батамом йўқолмай турган бир паллада якунига етиб бораётган йилни атрофлича таҳлил қилиш, янги йилда олдимизда турган мақсад ва вазифаларнинг асосий йўналишларини янада баландроқ марралар билан белгилаб берилди. Шунга яраша куч ва воситаларни топа билиш миллат етакчисидан мустаҳкам сиёсий ирода, ҳаёт синовларида тобланган тажриба, барқарор қатъият талаб этиши кундай равшан.
Шундай мураккаб бир вазиятда Мурожаатномада кўтарилган масалалар, тараққиёт одимлари ва кўрсаткичлари янада теранлашиб, янги-янги марраларни кўзламоқда. Мақсад ва вазифалар уфқлари беқиёс кенгаймоқда. Шу маънода, бу йилги Мурожаатнома миллий давлатчилигимиз солномаси ва жамиятимиз ҳаётида жуда муҳим ва алоҳида аҳамиятга молик сиёсий ҳодиса бўлди, десак янглишмаган бўламиз.
Хабарингиз бор, бундан бир муддат аввалроқ, мамлакатимизнинг барча нуқтасида бўлгани каби, вилоятимизда ҳам барча туман ва шаҳар ҳокимлари, хусусан, вилоят ҳокими сифатида ўзим ҳам Халқ дупутатлари маҳаллий кенгашлари олдида мурожаат билан чиқиб, халқ ноиблари тимсолида аҳоли олдида ҳисоб бердик, зиммамизга юкланган вазифалар ижроси ва галдаги мақсад ва муддаоларимизни баён этдик. Бу ниманинг далолати? Бу энг аввало, Президентимиз ислоҳотларининг энг жозибадор, ўзига хос жиҳати — барча даражадаги раҳбарларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги сўзда эмас, амалда таъминланаётганининг ифодасидир.
Бинобарин, давлат раҳбарининг шахсан ўзи илгари сурган ва Янги Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланган сўзлар, яъни, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган қутлуғ даъват жамият ҳаётида тўла акс-садо бераётганига ҳар биримиз, ҳар қадамда гувоҳмиз. Қанчалик оғир ва серсинов ўтган бўлмасин 2020 йилда эришилган ютуқларимиз замирида шак-шубҳасиз давлат раҳбарининг ҳар томонлама чуқур ўйланган, юксак инсонпарварлик тамойилига асосланган сиёсати турганини наинки вилоят ҳокими сифатида, мана шу юрт фарзандли, бир фуқаро сифатида чуқур миннатдорлик билан эътироф этишни ўз бурчим, деб биламан.
Вилоят ҳокими сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кечаги давр билан бугунги кунни солиштириш ва ундан асосли хулосалар чиқариш имконим бор. Президентимиз маҳаллий ҳокимликларга маблағ борасида, куч ва воситалар борасида эркин шароит яратиб, бошқарувнинг ўзини оқламаган тоталитар, марказлашган тизимидан воз кечиб, мустақил қарорлар қабул қилиш имкониятини ошириб бергани жойларда, одамлар турмушидаги етилган масала ва муаммолар билан тезкор ишлашда беқиёс имкониятлар яратмоқда. Биргина мисол сифатида вилоятда жорий йил давомида маҳаллий бюджетнинг белгиланган даромад режасининг ошириб бажарилиши ҳисобига жами 371,7 миллиард сўм қўшимча маблағ шакллантирилди ва у ҳудудий тасарруфда қолди. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий соҳа ва инфратузилма тизимларида йиғилиб қолган кўплаб муаммоларни ҳал этиш имконини берди.
Биргина коронавирус пандемиясидан халқимизни химоя қилиш мақсадларига йўналтирилган маблағларнинг ўзи бу борада кўп нарсани кўрсата олади. Масалан, йил давомида вилоят ҳокимлиги томонидан 20 миллиард 494 миллион сўм ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан 5 миллиард 167 миллион сўм дори-дармон ва дезинфекция воситалари захираси, тиббий асбоб-ускуналар, автоуловлар учун ажратилди. Иккита вилоят шифохонасида ва 19 та шаҳар-туман тиббиёт бирлашмаларида коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар учун провизор ўринлари ҳамда вирус билан касалланган беморлар учун 6 та ихтисослаштирилган шифохона ташкил этилди.
Соҳа ходимларига 30 миллиард 584 миллион сўм қўшимча тўлов амалга оширилди.
Албатта, халқимиз давлат раҳбарининг Мурожаатномасида бошланаётган йилимизга қандай ном берилишини ўзгача бир қизиқиш, дахлдорлик билан кутади. Янги йилда олдимизда турган муҳим вазифаларни бекаму кўст амалга ошириш учун келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилишида ниҳоятда теран маъно бор. Зотан, ҳар қайси давлат, ҳар қайси жамият ўзининг эртанги истиқболини ҳар жиҳатдан етук ва баркамол авлод тимсолида кўради. Келажак бугундан бошланади, деганларидек, жисмонан баркамол, маънан етук, замонавий билим ва тараққиёт ютуқларини чуқур эгаллаган, иродаси мустаҳкам авлодни вояга етказаётган мамлакатнинг эртаси ёруғ, келажаги нурафшон бўлади.
Ёшларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишлари, бошқача айтганда, фарзандларимизга майдонни кенг очиб бериш бугун давлат сиёсатининг ҳар қачонгидан ҳам устувор йўналишига айланди. Давлатимиз раҳбари яқиндагина Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида бу борадаги давлат сиёсатини бир жумлада яққол мужассам этиб, “Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача — ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур”, дедилар. Умуман, форумда сўзланган нутқ бутун мамлакат ёшлари қатори вилоятимиз фарзандларига ҳам чинакам мотивация берди, уларнинг келажакка ва ўзига бўлган ишончини яна бир карра оширди. Чунки мазкур дастуриламал маърузада ёшларимиз ҳаётига дахлдлор ҳеч бир масала эътибордан четда қолгани йўқ.
Кези келганда фахру ифтихоримиз, эртанги кундан умидимиз бўлган вилоятимиз ёшлари ҳаётидаги ўзгаришлар, улар қўлга киритаётган ютуқларни, умуман, ёшлар билан ишлашда янгича тизим яратиб бераётган имкониятларни мамнуният билан таъкидлашни истардим.
Бу йил вилоятимизда 11-синф битирувчиларининг жуда катта гуруҳи хориждаги етакчи олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Шу билан бирга, олий таълим муассасаларидаги 12 нафар ёш олим “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали Россия давлат аграр университети, Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети, Казань давлат аграр университетларида малака ошириш курсларида иштирок этишди. Вилоятдаги мавжуд олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган 64 нафар ёш олим ўзининг илмий лойиҳаларини ҳимоя қилиб, фан доктори илмий даражасига эга бўлди.
Ёшларнинг хоҳиш ва истаклари, ижтимоий муаммоларини ўрганиш, уларни жамиятда ўз ўрнини топиб кетишларига кўмаклашиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда ҳар ҳафтанинг бир куни “Ёшлар масалаларини ечиш куни” ҳамда ҳар 15 кунда бир кун “Ёшлар билан ишлаш куни” этиб белгиланди. Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида вилоятимизда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари ва ёшлар ўртасида ўтказилган очиқ мулоқотларда билдирилган таклиф ва ташаббуслар ҳамда аниқланган муаммолар асосида туман ва шаҳарлар кесимида махсус дастурлари ишлаб чиқилди.
Дастурлардаги бандлар ижросини тўлиқ амалга ошириш учун жами 871 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Бугунги кунга қадар тасдиқланган дастур доирасида 972 нафар ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди, 889 нафар ишсиз ёшлар касб-ҳунарга ўқитиш марказларига жалб этилди. “Бешта муҳим ташаббус маҳаллаларда” тарғибот лойиҳаси доирасида ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган лойиҳаларга 26 минг 128 нафар ёш қамраб олинди.
Қуйи Чирчиқ туманидаги Отажонов номли, Нурафшон шаҳридаги “Тонг”, Чиноз туманидаги “Эшонобод”, Янгийўл туманидаги “Халқабод”, Юқори Чирчиқ туманидаги “Гулистон”, Тошкент, Зангиота туманларидаги марказий маданият марказлари таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Булар, албатта, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизнинг бир қисми, холос. Турган гапки, янги йилда бу борадаги ишларимиз кўлами ва миқёси кенгайиб, янгича мазмун билан бойиб бориши шубҳасиз.
Таъкидлаш жоизки, Президент ислоҳотларига камарбаста бўлиб, буюк мақсадлар йўлида бир сафда туриб хизмат қилаётган фидойилар бугунги кунимизнинг чинакам қаҳрамонларидир. Адолатпарвар жамият эса ўз қаҳрамонларини тақдирлашни унутмайди. Гап эътибор ҳақида кетар экан, куни кеча 2020 йилда турли муносабатлар билан Президент фармонига биноан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган вилоятимиз вакилларига Юртбошимиз номидан мукофотларни топширганимиздаги ҳавас ва ҳаяжонлар кўнгилдан ўтади. Биламиз, давлат мукофотларининг ўрни ва аҳамияти ҳамиша баланд бўлиб келган. Лекин, юртимиз учун оғир ва синовли келган 2020 йилда бундай юксак эътирофга муносиб бўлиш жуда катта шараф. Шу маънода, давлатимизнинг ана шундай юксак эътирофларига сазовор бўлган вилоятимиздан қарийб 70 нафар замондошимиз кўнглидан кечаётган сурур, улар хонадонларига кириб борган хурсандчиликни ҳис этиш мумкин. Мукофотни қабул қилиб олаётиб, бир шифокор опамимизнинг айтган гаплари менга таъсир қилди: “Қаранг, бутун дунё офатдан азият чекмоқда, жаҳон бўйлаб инқироз шарпаси кезиб юрибди. Эл бошига иш тушганда қўлидан иш келадиган одамнинг фидойи меҳнат қилиши ҳам қарз, ҳам фарз, аслида. Бундай вазиятда давлатдан мукофот олишнинг ўзи ноқулай. Мукофот кутишнинг мавриди ҳам эмас ҳозир. Лекин, давлатимиз раҳбарининг бағрикенглиги, эътиборини қаранг — ҳеч бир йилдагидан кам бўлмай, юзлаб юртдошларимизнинг кўксини мана шундай улуғвор муофотлар безаб турибди...”
Тўғриси, бу гапларда теран бир самимият бор, холис эътироф бор.
“Барчамизга аёнки, пандемиядан кейин дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси албатта ўзгаради. Мана шундай шароитда ким ютади? Тўпланган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, кучли ва самарали бошқарув тизимига эга бўлган давлатлар пандемия хавфини ўз вақтида ва бир ёқадан бош чиқариб, бартараф этишга ва бу курашда енгиб чиқишга қодир бўлади. Буни Ўзбекистоннинг пандемия давридаги кураш тажрибаси ҳам исботлаб турибди. Лекин эришган натижаларимизга маҳлиё бўлмасдан, жаҳондаги вазиятга сергаклик билан қараб, барчамиз – ким бўлишимиз, қайси вазифада ишлашимиздан қатъи назар, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлаш ҳақида жиддий ўйлашимиз зарур. Бугунги мураккаб шароитда, юртимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизнинг бардавом бўлишини таъминлаш энг асосий вазифамиз бўлиши шарт. Глобал инқироз шароитида иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш, кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, ёшларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш – Президентдан бошлаб барча даражадаги раҳбарларнинг бош вазифаси бўлмоғи даркор...”
Бу гаплар келаётган Янги йилимиздаги жамики мақсад ва муддаоларимиз рўёбига шиддат бағишловчи муқаддимадир.
Машҳур “Times” нашри поёнига етиб бораётган 2020 йилни инсоният тарихидаги энг машъум йил, деб таърифлади. Лекин, биз ҳамиша инсонийлик мезонининг гултожи бўлган умид ва ишонч, шукроналик билан яшайдиган халқмиз. Демакким, поёнлаб бораётган йилимизда ҳам бир ҳикмат, бир хосият кўрамиз. Зотан, 2020 йил халқимиз иродасини тоблаган, ҳаммамизга ҳар нарсадан сабоқ берган йил бўлиб тарихга киради.
Вақт эса бир зум ҳам тўхтамайди. Насиб бўлса, бутун башарият бошида ёруғ ва нурафшон кунлар зиё сочадиган дамлар яқин. Янги йил ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётида оҳорли бир саҳифа очади. Осуда ҳаётимизни асраб, нурли келажагимизни, фарзандларимиз бахту иқболини кўрайлик десак, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасидаги барча мақсад ва вазифаларга қалб амри билан, катта масъулият ва фидойилик билан ёндашишга ва уларни бекаму кўст рўёбга чиқаришга тайёр турайлик. Зотан, миллат етакчисининг бу даъвати янги Ўзбекистон тараққиётининг муқаррар кафолатидир.
Рустам ХОЛМАТОВ,
Тошкент вилояти ҳокими, сенатор