«Туркистон» санъат саройида Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли томонидан “Янги Ўзбекистон наволари” номли концерт дастури мухлислар эътиборига тақдим этилди.
Ўзбек миллий мақом санъати маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу концертдан кўзланган асосий мақсад юртимизда миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган мақом санъатини ривожлантириш ва кенг оммага тарғиб қилишдан иборат эди.

Ушбу концерт дастури миллий меросимизнинг энг яхши намуналарини замонавий ижро усуллари билан уйғунлаштирган ҳолда мақом санъатининг бой анъаналарини тақдим этди.
Маълумки, мақом санъати ўзининг чуқур маъно-мазмуни, мураккаб куй тизими ва шеърияти билан халқимизнинг маданий-мусиқий меросида алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу санъат халқимизнинг ўтмишдаги юксак маънавий оламини акс эттириши билан диққатга сазовор.

“Янги Ўзбекистон наволари” концерт дастури ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш орқали миллий санъатимизнинг давомийлигини таъминлаш, юртимизда мақом санъатини тарғиб қилиш ва кенг оммага таништириш, халқимизнинг қадимий мусиқа анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

– Мақом – бебаҳо санъат, – деди Ўзбекистон, Қорақалпоғистон халқ артисти, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли бадиий раҳбари Абдуҳошим Исмоилов. – У инсон руҳиятини поклайди, ғуборлардан холи этади. Кейинги йилларда миллий мақом санъатини ривожлантириш йўлидаги эътибор натижасида ушбу санъат бўйича халқаро фестиваль мунтазам ўтказилмоқда. Бу йил Зоминда бўлиб ўтган халқаро мақом санъати фестивалида дунёнинг 80 дан ортиқ давлатидан иштирокчилар қатнашгани мақом санъатининг нечоғли улуғворлигини кўрсатади. Айрим қўшиқлар яратилганидан кейин уч ойда йўқ бўлиб кетяпти. Лекин мақом асрлар оша янграмоқда. Уни одамлар неча йиллардан буён тингламоқда. Мақомда куч, илоҳийлик бор.

Тадбир давомида мақом йўллари ва халқ мусиқаси намуналарининг нафис ижроси, мумтоз шеърият ва мусиқа уйғунлигида яратилган янги асарлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Гўзал рақслар, нафис шеърият, мумтоз куй-қўшиқлар санъат ихлосмандларига ғоят манзур бўлди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири