ЯНГИ ЎЗБEКИСТОН мўъжизасига бағишланган китоб
Бундан роппа-роса бир йил аввал Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида “UZBEKISTAN GTL” заводи ишга туширилган эди. «Юқори технологияларга асосланган янги типдаги бу мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Ушбу маҳсулотлар ҳисобидан йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва бюджетга 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари тушиши таъминланади» деган эди давлатимиз раҳбари мажмуанинг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.
Мазкур китоб Янги Ўзбекистоннинг нафақат саноати, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётида порлоқ саҳифа ўлароқ зоҳир бўлган ўша улкан воқелик – “Uzbekistan GLT” мажмуасининг дунёга келиши ва унинг мамлакат иқтисодиёти, халқимиз турмуш тарзида тутажак улкан аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.
Ғоя муаллифи ва лойиҳа раҳбари сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов.
Қашқадарё чўлларида қад ростлаган ушбу гигант мажмуа нафақат юртимиз, балки минтақа нефть-газ-кимё саноати, иқтисодиётини замонавий ва глобал дунё бозори сари йўналтира олиш қувватига эга.
Китобдан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мажмуа очилишида сўзлаган нутқи, ўзбекистонлик ва хорижлик мутахассисларнинг дил сўзлари, тилаклари, шунингдек, ОАВ ходимларининг ҳаяжонга йўғрилган таҳлилий мақолалари ўрин олган.
Янги Ўзбекистон мўъжизасига бағишланган ушбу китоб мамлакатимиз энергетика тармоғидаги кластер тизимининг қалдирғочи бўлган мазкур корхона ҳақидаги ҳикоялари билан мамлакатимизда янги саноат даври бошланаётганидан хабар беради.
ЎзА