Янги Ўзбекистон мактабларида янги давр бошланмоқда
Мамлакатимиздаги янги давр шиддати таълим тизимига ҳам ўзининг аниқ, қатъий талабларини қўймоқда.
Президентимиз ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табрик нутқида таъкидлаганидек, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбия эканлигини, эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.
Шунинг учун ҳам, мамлакатимизда педагогларнинг салоҳиятини ошириш, таълим сифатини тубдан яхшилаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, бу борада изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Президентимизнинг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасининг ишлаб чиқилганлиги мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди.
Жорий йилнинг 30 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида мазкур фармон лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бухоролик педагоглар ҳам фаол иштирок этди, жараённи катта қизиқиш билан кузатди.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, таълимда мавжуд муаммоларни ҳал қилиб, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб бериш мақсадларини қамраб олган ушбу фармон лойиҳаси Янги Ўзбекистон мактабларида янгича давр бошланаётганининг яққол ифодаси, десак асло муболаға бўлмайди. Унда жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва нуфузини янада юксалтириш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби долзарб масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилган.
Йиғилишда ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади.
Рейтингда биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади. Хусусан, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача рағбатлантирувчи тўловлар берилади. Шу билан бирга, халқ таълими бўлими раҳбари ва методисти, мактаб директорлари, туман рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг 2 нафар илғор ўқитувчисига касаба уюшмалари ҳисобидан ҳар йили сиҳатгоҳларга икки ҳафталик бепул йўлланма берилади. Шунингдек, фидойи педагоглар бошқа йўллар билан ҳам рағбатлантирилади.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, халқаро илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда ўқувчиларни фикрлашга чорлайдиган миллий методикамизни яратиш зарурлигини таъкидлади. Бу биз педагоглар учун ниҳоятда қулай шарт-шароитларни яратиши билан бирга зиммамизга улкан масъулият юклайди. Шунингдек, ўқитувчилар тоифасини белгилаш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди. Мазкур жараённи соддалаштириш орқали ўқитувчиларга бир қатор енгилликлар яратиш лозимлиги таъкидланди.
Мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Энди мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади. Ҳар бир номзод мактабнинг кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этади ва ҳар йили кенгашлар олдида ҳисобот беради. Бу мактабларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам беришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз
Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантиш масаласида қабул қилиниши кутилаётган Фармонни “...йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба” эканлигига асло шубҳа йўқ.
Дилфуза МУСТАФОЕВА,
Бухоро вилояти халқ таълими
бошқармаси бошлиғи