Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади
Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида Бухоро шаҳридаги 42-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинарда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, маҳаллий ҳокимлик, маҳалла ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, мактаб директорлари ва ота-оналар қатнашди.
-Тренингимиз таълим ва тарбия сифатини оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари, оила ҳамда таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланди, – дейди Бухоро шаҳридаги 42-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Ҳалима Нурилаева. – Асосий мақсад ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишдан иборатдир.
Дастлаб 42-ИДУМ фаолияти, халқаро ҳамкорлик ва Корея тафсилотлари ҳақида қисқа тақдимот қилинди.
[gallery-15150]
Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, ўқувчиларга инглиз ва корейс тилининг ўқитилиши йўлга қўйилган.
Мактабда 3-синфдан бошлаб ўқувчилар 2 та хорижий тилни ўрганади. Уларнинг 30 нафарга яқини тил билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификатларни қўлга киритган.
2020 йилдан корейс тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби Корея таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ўқитувчи ва ўқувчилар халқаро конференцияларда иштирок эта бошлади.
2020-2021 йилда 12 нафар ўқувчи ва 5 нафар ўқитувчи Корея таълим вазири томонидан имзолаган сертификатлар ҳамда совғалар, иқтидорли ўқувчилардан бир нафари фаол иштироки учун медаль билан тақдирланди.
2020 йилда мактаб битирувчиларидан бир нафари - Жамшид Дурбоев элчихона орқали 110 минг долларлик GKS грантини қўлга киритган. Ҳозир Кореяда таҳсил олмоқда. Битирувчилардан яна бир нафари – Мадина Ғайбуллаева эса мазкур грант асосида магистратурада ўқияпти.
Қисқа муддат ичида эришилган ютуқлари натижасида 42-ИДУМ Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Корея Республикаси Таълим маркази томонидан “Корейс тилини ўқитиш бўйича намунавий мактаб” деб топилди.
2022 йилда мазкур мактаб Кореянинг Сунчон миллий университети ҳамда Таегу шаҳри юқори мактаби билан ҳамкорлик меморандумини имзолади ва ушбу меморандум доирасида бир неча лойиҳаларни амалга оширди.
Семинар-тренинг жараёнида Бухоро инновациялар университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Жанитха Амарасена ривожланган давлатлар таълим-тарбия тизимида мактаб ва ота оналар, жамоатчилик ва давлат ташкилоти ҳамкорлиги хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, мактабнинг 3-синф ўқувчиси Медим Кимнинг онаси, Корея фуқароси Шин Хюнми хоним Корея мактабларида ота-оналар билан ҳамкорлик ишлари ҳақида гапириб берди. Шундан сўнг Кореядаги халқаро ҳамкор Таегу шаҳри юқори мактаби билан онлайн мулоқот ўрнатилди.
Тадбир якунида иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари