“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институтида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” шиори остида очиқ мулоқот ўтказилди.
Жорий йил 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда мамлакатимизда халқ таълими тизимини ривожлантиришга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ана шу устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятдаги 767 та умумтаълим мактабида фаолият юритаётган 42 минг нафардан зиёд педагоглар номидан иштирок этган мактаблар директорлари, директор ўринбосарлари ва тажрибали устозлар билан учрашиб, халқ таълими тизимида амалга оширилиши керак бўлган муҳим масалалар юзасидан очиқ мулоқот ўтказди.

– Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси билан йил бошида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилиб, ушбу кенгашларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари раҳбари этиб белгиланган эди, – деди вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов. – Ҳокимлар томонидан мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, лекин ҳали зиммамизда бажарилиши зарур бўлган жуда кўп ишлар турибди.

Мулоқотда тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалалари атрофлича таҳлил қилинди, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш ва бажариш юзасидан таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мулоқот жараёнида соҳа тараққиётига хизмат қилувчи муҳим вазифалар белгилаб олинди.


Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА