Навоий давлат кончилик институти Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири саволларига жавоблари асосида тайёрланган “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” номли суҳбати мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Навоий кон-металлургия комбинати ва Навоий давлат кончилик институти вакиллари иштирок этган давра суҳбатида сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ижтимоий соҳани юксалтириш, жамиятнинг ижтимоий аҳволини янада яхшилаш орқали одамларни рози қилиш сиёсати олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Маълумки, мамлакатимиз тарихидаги сўнгги беш йилликда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбари ўз интервьюсида олиб борилаётган ислоҳотларда ҳар бир тизим раҳбарининг вазифаси, позицияси қаерда эканлигини аниқ кўрсатиб берди. Шунингдек, олиб борилаётган сиёсат ва ташаббуслар замирида халқ манфаати, фаровонлиги, ижтимоий-сиёсий ҳимояси, хотин-қизлар, ёшларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш каби мақсадлар мужассамлиги яна бир бор ўз исботини топди.
– Жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этмоқдамиз. Бунда маънавият тарғиботчилари ва ёшлар етакчилари ҳамда профессор-ўқитувчиларимиз фаол бўлиши, халқимизга намуна бўлиб, давра суҳбатида баён этилган фикрларни пухта англаши ва уни халқимизга тушунтириши керак, – деди НКМК бош директори маслаҳатчиси Холмамат Раупов.
Тадбир давомида давлат раҳбарининг интервьюсида Президентимизнинг ягона мақсади Янги Ўзбекистонни тинч ва фаровон юрт, имкониятлар мамлакатига айлантириш эканлиги очиқ баён этилганлиги билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.
Абдували Бўриев,
ЎзА