Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик шодиёналари, байрам шукуҳи ҳали-ҳамон вилоятлар, шаҳар ва қишлоқларимизда кечаётган бир пайтда охирги 30 йил мобайнида мамлакатимизда бўлган мисли кўрилмаган ўзгаришлар кўз олдимдан ўтди.
Айниқса, охирги 5 йилда давлатимизнинг янада ривожланиб, халқимиз тинчлик ва тотувликда, барқарорлик ва келажакка ишонч билан яшаётганини кўриб, авваламбор Аллоҳга шукурлар айтамиз.
Бу дунёда ҳамма нарса нисбий. Атрофга назар ташласак, қўшни мамлакатларда бўлаётган нотинчлик, беқарорлик, низо ва қарама-қаршиликларни, қон тўкилишларни, бир миллат вакилларининг бир-бирига зид бўлганини кўриб, яна бир бор давлатимизда ҳукм сураётган осойишта ҳаёт энг катта ютуғимиз ва бахтимиз, десак тўғри бўлади.
Бу кунларга етиб келиш осон бўлмади, албатта. Мустақиллик эълон қилинган биринчи кунлардаги қийинчиликлар, республика омборларида бир ҳафтага етар-етмас дон қолгани ёки нефть танқислиги, бу муаммоларни ҳал этиш, яъни чет давлатдан сотиб олиш учун валютамиз йўқлиги, ундан кейин Тошкентда террористлар томонидан содир этилган портлашлар, Наманган ва бошқа ҳудудлардаги фожиали воқеалар... Шуларни эслаганда, авваламбор, Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига асос солган инсон сифатида кўз олдимизга келтиришимиз табиийдир.
Биринчи Президентимизнинг қўл остиларида 25 йил ишлаш мен учун жуда катта ҳам мактаб, ҳам синов эди. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўта талабчан инсон эдилар. Лекин улар ушбу талабчанликни олдин ўзларига қаратар, кейин қўл остида ишлайдиганлардан талаб қилар эдилар.
У инсоннинг қилган ишларига Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев жуда тўғри ва одилона баҳо бердилар.
Шу ўринда бир фикрни айтмоқчиман. Ҳозирги кунда дунёда расман 200 дан зиёд мустақил давлат бор, лекин аслида кўпчилигининг мустақиллиги қоғозда, яъни сунъий, чунки улар сиёсий, иқтисодий ёки хавфсизлик жиҳатидан у ё ки бу давлатга тобе ва, афсуски, уларнинг тақдири ўз пойтахтларида эмас, балки бошқа пойтахтларда ҳал этилади. Ўзбекистон улардан фарқли ўлароқ, 25 йил ичида ҳақиқий мустақилликка эга бўлди.
Шуни мамнуният билан айтиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу ўта таҳликали ва мураккаб даврда жонажон Ватанимиз истиқлолини нафақат кўз қорачиғидек асрамоқдалар ва ҳимоя қилмоқдалар, балки тез суръатлар билан ҳар томонлама мустаҳкамлаб бормоқдалар.
Ҳаёт шиддат билан илгарилаб бормоқда. Замон, шу билан бирга талаблар, мезонлар ўзгармоқда. Айниқса, мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кейинги 5 йилда бўлган ўзгаришларни ўйлаганда одам ҳайратда қолади.
2017 йилдан бошлаб Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчиликларида Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар бошланган бўлса, мазкур амалга оширилаётган ислоҳотларни фақатгина санаб ўтишнинг ўзига бир кун камлик қилади.
Лекин, ҳозирги даврда, давлат, жамият, ҳар кунги ҳаётимиз тараққиётига мувофиқ бўлган ва аҳоли фаровонлигини оширишга энг катта омил бўлган ўзгаришларни санаб ўтиш масадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Биринчидан, Ўзбекистон демократик жамиятни қуришга киришди. Буни очиқ айтиш керак, осон қарор бўлмади. Эксперт ва мутахассислар “бу қадамни босишнинг вақти ҳали келмади, Сиз ҳам, маҳаллий ҳокимликлар ҳам жуда катта қийинчиликларга дуч келасизлар” деб муҳтарам Президентимизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлишган.
Лекин, Шавкат Миромонович ўзларининг метин иродалари туфайли жуда тўғри ва доно қарор қабул қилдилар. Чунки, демократия бўлмаган давлатда ривожланиш бўлиши жуда қийин. Қўпол қилиб айтганда, бир қушнинг қанотларини кесиб ташласангиз, у учмайди. Демократия халқимизнинг қанотларни кенг ёйиб, парвоз қилишга, яъни ижодкорлик, ташаббускорлик ва янгиликка интилишга бўлган хусусиятларига кенг йўл очди.
Давлат халқнинг фикри, эътирози, арзи ва таклифларини эшитадиган бўлди, шунга жавобан, ўзининг сиёсатини халқ нияти, истаги ва умидлари асосида ўрнатишга кенг йўл очилди. Ўтган 5 йил ичида бу бизнинг энг муҳим ва катта ютуғимиз бўлди.
Иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жадал ривожланяпти, булардан энг биринчиси валютанинг эркин айланмаси жорий қилингани бўлса, банк тизими ва пул муомаласининг эркинлаштирилиши, солиқ юкининг кескин камайтирилиши ва хусусий бизнесга кенг йўл очилиши унинг асосий негизидир.
Айниқса, хусусий бизнеснинг қонун ҳимоясида бўлишидек ишончли тизим яратилди ва турли босим, маъмурий, расмий ва норасмий тазйиқлардан озод бўлганлиги бозор иқтисодиётининг ривожига кенг йўл очиб берди.
Охирги йилларда нафақат Ўзбекистонда, қолаверса, бошқа давлатларда амалга оширилмаган мутлақо янги усуллар, камбағал оилаларга бюджетдан субсидия бериб, арзон уйлар қуриш, нафақат туманлар, қолаверса маҳаллалардаги мустаҳкам бюджет манбаларини белгилаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”ни жорий қилиш ва шу орқали қийналган оилаларни, аёллар ва ёшларни иш билан банд қилиш ва аниқ даромадига эга бўлиши алоҳида эътиборга эга. Шу орқали иқтисодиётимизга энг катта таҳдид келтирадиган ишсизлик муаммосига ечим топиш учун амалга оширилаётган сиёсат, десак тўғри бўлади.
Албатта, бу ва бошқа кўплаб йиғилиб қолган муаммоларни фақат ўзимизнинг чегараланган манбалар ҳисобидан тўлиқ ҳал қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун давлатимиз четдан қарз олишга мажбур. Олинган маблағлар энг катта тўсиқ бўлиб турган масалаларни, жумладан, халқимизни электр, газ ва ичимлик сув билан таъминлаш тизимини янгилашга, шунингдек, эски, бузилган йўл ва кўприкларни қайта таъмирлашга ҳамда янги йўлларни қуриш, таълим ва тиббиёт тизимларини яхшилаш ҳамда замонавий саноат корхоналарини қуришга ишлатилмоқда.
Тўғри, қарз ошмоқда, лекин шу билан бирга иқтисодиётимиз ҳам тез суръатлар билан ўсмоқда, ўсаётган иқтисодиёт эса, менинг фикримча, бу қарзларни ўз вақтида тўлашга тўлиқ имконият беради.
Мазкур ислоҳотлар натижасида пандемия ва ўта мураккаб жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий оқибатларининг олди олинди, иқтисодиётимиз тикланиб ҳозирги кунда жадал ривожланмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, одамлар иш билан банд, халқимизнинг даромадлари мавжуд ва аниқ, бу, ўз навбатида, давлатимизда тинчлик ва барқарор ривожланишнинг асосий пойдеворидир.
Учинчидан, таълим-тарбия тизимининг тўлиқ ислоҳ қилинишидир. Мактабгача таълим тизими бутунлай қайта кўрилиб, қамров даражаси 20 фоиздан 70 фоизгача ошгани, умумтаълим мактаблари тизимининг сифат жиҳатидан ўсиши, олий ўқув юртлари сони 2 баробар ошгани, 30 га яқин хорижий нуфузли олий таълим муассасалари республикамизда ўз филиалларини очгани, мактаб битирувчиларининг олий ўқув муассасаларига ўқишга кириши 9 фоиздан 30 фоизгача ошгани бунинг яққол далилидир.
Маданият, маънавият ва спорт соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам эътиборга молик. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба ва унда иштирок этган ўзбек ўғлонлари хотирасига бағишланган Ғалаба боғи, ҳудудларда, Наманганда Ибрат домла мажмуалари, Гулистонда Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги мактаб, Андижонда халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг барпо этилиши, Нукус шаҳрида қорақалпоқ адабиётининг сўнмас юлдузи Ибройим Юсупов номидаги ва шунга ўхшаш кўплаб муассасаларнинг очилиши ёшларимизнинг иқтидорини оширишга, тарихни мукаммал билиш ва қалбида Ватанга бўлган муҳаббат туйғусини уйғотишга катта туртки бўлмоқда.
Спортчиларимизнинг яқинда Токиода ўтказилган Олимпия ва Паралимпия ўйинларидаги бетакрор ютуқлари ҳаммамизга ғурур ва қувонч бағишлади.
Тўртинчидан, пойтахтимиз Тошкентда, шаҳар ва қишлоқларимизда бетакрор улкан қурилишлар, ободонлаштириш, янги йўллар ва кўприкларнинг барпо этилиши, маҳалла ва узоқ қишлоқларда бўлаётган бунёдкорлик ишлари Янги Ўзбекистон барпо этилаётгани бу қуруқ шиор эмас, балки бунинг негизида халқнинг фаровонлиги йўлидаги жуда катта ва тизимли ўзгаришлар рўй бераётгани ўз тасдиғини топмоқда.
Жумладан, ҳаммани ҳайратда қолдирган “Янги Ўзбекистон” миллий боғининг барпо этилгани ва у ерда муҳтарам Президентимизнинг байрам тантаналарида қилган таъсирли, сермазмун нутқлари ҳамда бетакрор концерт дастурлари намойиши халқимизнинг мустақилликка эришиш йўлида бошидан кечирган қийинчиликлар ва бугунги ёруғ кунларга етиб келишида олиб борилган ишларининг кўрсатиб берилганлиги барчамизда ўзгача таассурот қолдирди.
Бешинчидан, саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида янги, давлат-хусусий шерикчилик тизими яратилиши, геология ва базавий тармоқларнинг мутлақо янги самарали механизмлари ишлаб чиқилиши бунинг яққол мисолидир.
Навоий вилоятида илк бор қуёш энергияси асосида ишлайдиган электр станцияси ишга тушиши иқтисодиётимизнинг асоси бўлган энергетика соҳасининг энг замонавий тизимга ўтиши бўйича биринчи ва энг муҳим қадам бўлди.
Кўплаб кимё, газни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, машинасозлик, тўқимачилик, фармацевтика, металлургия саноатидаги янги заводлар, электростанциялар, Олмалиқдаги янги катта конни ўзлаштириш бўйича мажмуанинг иш бошлагани ва шунга ўхшаш кўплаб янги лойиҳалар қурилиб, ишга тушгани Ўзбекистонда илғор технологиялар асосида жаҳон миқёсида рақобатбардош замонавий саноат тармоқларининг тез суръатлар билан барпо этилишининг тасдиғидир.
Олтинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, кластер тизимининг яратилиши, бу жараёнда фақат манфаатдор томонларнинг иштироки, ердан оқилона фойдаланиш, ерга бўлган муносабатнинг ўзгариши ва бундан қишлоқ аҳолиси манфаатдор бўлиши — эътиборга молик ислоҳотдир.
Ушбу ўзгаришлар натижасида, кластер иштирокчилари ўзлари хомашё тайёрлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, қўшимча қиймат билан ички ва ташқи бозорда сотмоқдалар ва даромадларини оширмоқдалар.
Еттинчидан, Хавфсизлик, мудофаа ва ички ишлар тизимларидаги ислоҳотлар эътиборга сазовор. Ҳуқуқ-тарғибот тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши натижасида фуқароларимиз жиноятчиликдан ишончли ҳимояланганлиги алоҳида эътиборга молик.
Яқиндагина ҳарбийларимиз халқаро АРМИ – 2021 мусобақаларида 2-ўринни эгаллаганлиги, кўплаб қудратли қуролли кучларга эга бўлган давлатлардан ўзиб кетиши – бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижасидир. Ўйлайманки, ҳозирги таҳликали даврда бу ҳаммамиз учун жуда муҳим ва қувонарли воқеа.
Саккизинчидан ва энг муҳимларидан бири, ўтган 5 йил ичида қўшни давлатлар билан муносабатларимиз тубдан ижобий томонга ўзгарди. Президентимизнинг ташаббуслари билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстона, ўзаро манфаатли қўшничилик муносабатлари тикланди. Бу, ўз ўрнида, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда хавфсизлик муносабатларининг ижобий ўзгаришларига олиб келди.
Муҳим бир жиҳатни тўғри тушуниш керакки, бу ютуқлар тасодифан бўлгани йўқ. Бу ва бошқа ютуқларимизнинг негизида авваламбор Юртбошимизнинг чуқур ўйланган сиёсатлари ва иродалари ҳамда шу сиёсатни кечаю кундуз амалга ошириш мақсадида ишлаётган ҳукумат аъзолари, ҳокимликлар ва фаоллар, қолаверса, бутун халқимизнинг фидокорона меҳнати турибди.
Қайд этишимиз лозимки, 35 миллион аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳаётини тубдан ҳар томонлама ислоҳ қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва бошқариш ўз-ўзидан бўлмайди.
Бу ўта оғир юкни фақат давлатимизда вазиятни чуқур биладиган, бой билим ва тажрибага эга бўлган, иродали ва довюрак, олий даражадаги ташкилотчилик қобилиятига эга – миллий лидер Шавкат Мирзиёев матонат билан ўз зиммаларига олиб, амалга оширмоқдалар.
Мен шуни айтишим керакки, Шавкат Мирзиёев олдинги даврда, Бош вазир лавозимида ишлаган пайтларида ҳам кўп долзарб масалаларни ўз зиммаларига олиб, ижобий томонга ҳал қилишга ҳаракат қилиб келганлар.
Мисол учун, пахта ҳосилига бевосита шахсий масъул бўлишларига қарамасдан, қонимизга сингган “амри вожиб” деган тушунчани четга суриб қўйиб, қатъият билан мактаб болаларини пахта йиғим-теримида далага чиқармасликка қарор қилдилар ва маҳаллий ҳокимларни ҳам шунга ундадилар.
Ҳозирги замонда ҳам ҳали олдимизда жуда кўплаб сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан, ташқи ва ички томондан таҳдидлар, ечилиши зарур бўлган муаммолар бор. Бизнинг ривожланишимиз осон бўлмайди, муҳтарам Президентимиз “биз авваламбор ўз кучимизга ишонишимиз керак, бизга ҳеч ким ташқаридан келиб муаммоларимизни ҳал қилиб бермайди” деб тўғри фикрни билдирдилар.
Ечилиши лозим бўлган энг долзарб масалалардан, авваламбор, ёшларимизга сифатли таълим ва тўғри тарбия беришимиз, иқтисодий жиҳатдан оммавий равишда янги замонавий иш жойларини хусусий бизнес орқали барпо этиш ва чўл ерларда 4 йил ишлаган инсон сифатида ўйлайманки, сув ресурсларидан чуқур ўйланган ва узоқ муддатли оқилона фойдаланиш стратегияси асосида амалга оширилган ишлар натижасидагина давлатимиз ва халқимиз сўзсиз ўз мақсаду муродига етади.
Юқорида айтилганидек, мавжуд ташқи ва ички таҳдидларни енгиш учун ҳаммамиз низо ва адоватлардан йироқ бўлиб, Президентимиз белгилаган стратегия ва ислоҳотларни амалга оширишда жипслашиб, бир тану бир жон бўлиб ишлашимиз керак. “Ўзбекистон мен учун нима берди?” деган савол ўрнига, ким қаерда ишлашидан қатъий назар “Мен Ўзбекистон учун нима қилмоқдаман?” деган саволни ҳар куни ўзимизга берсак, бурчимизни адолатли бажарсак, фарзандларимиз ва набираларимиз ривожланган, ҳамма ҳавас қиладиган давлатда яшайди, бунга ҳамма асос бор.
Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Мустақилликнинг 30 йиллик байрами тантаналаридаги нутқларида: “... Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган она халқимиз омон бўлсин. Юртимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсон эзгу мақсадларига етсин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин”, деган ниятни қилдилар.
Ўйлайманки, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ушбу ниятларга қўшилиб, амалга ошишини яратган Аллоҳдан сўраб қолади.
Рустам Азимов,
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси” акционерлик жамияти бош директори.
ЎзА