Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт
Кинематография агентлиги ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида санъаткорлар, маданият ва адабиёт намоёндалари, таниқли киноижодкорлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Самарқанд шаҳри Регистон майдонида бўлиб ўтди.
Тадбирда Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қаторида миллий кинематографиямиз ривожига ҳам катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Самарқанднинг кечаги ва бугунги куни, буюк фарзандлари, бугунги самарқандликлар ҳаёти ҳақида суратга олинган “Матонат”, “Самарқандда қовун таровати” сингари фильмлар ҳам томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Хусусан, самарқандлик 101 нафар аскарнинг қаҳрамонлиги, инсонийлиги ҳақида ҳикоя қилувчи, Шуҳрат Маҳмудов режиссёрлигида суратга олинган “Матонат” ҳужжатли фильми Севастопол шаҳрида ўтказилган “Золотой витяз” 31-халқаро кинофорумида “Гран при” билан тақдирланди. Айни пайтда Самарқанднинг яна бир мард ва жасур ўғлони Баҳодир Ялангтўш ҳақида истеъдодли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов бошчилигида тарихий бадиий фильм суратга олинмоқда.

– Жойларда бўлиб ўтаётган учрашувлар, мулоқотлар, уларга туҳфа қилаётган фильмларимиз ҳамюртларимиз томонидан илиқ қарши олинмоқда, – деди агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов. – Бугунги тадбирда ҳам кинокарвон аъзолари билан савол-жавоблар, мукофотлар топшириш маросимлари ҳамда “101-рейс” бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу фильм ўнлаб киноижодкорларларнинг узоқ йиллик машаққати эвазига яратилган бўлиб, мураккаб сюжет ва саҳналарга бой.
Гулноза Бобоева, ЎзА