Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон ҳақидаги китоб тақдимоти

Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,  таниқли адиб  Абдусаид Кўчимовнинг “Юксалиш симфонияси” китоби тақдимотига бағишланган  тадбир “Янги Ўзбекистон тараққиётининг пиллапоялари” мавзусидаги катта маънавий-маърифий  анжуманга  айланиб кетди. Унда адабиёт ва журналистика соҳаси вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, маҳаллаларнинг нуроний отахон ва  онахонлари ҳамда талаба ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни Гулистон давлат университети ректори, профессор Муҳсин Ҳожиев очиб, Абдусаид Кўчимовнинг кўп қиррали ижодий фаолиятига тўхталиб, муаллиф нафақат журналистика соҳасида, балки ўзбек адабиётида ҳам муносиб ўрин эгаллаган ижодкор сифатида танилганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёевнинг: “Худо менга соғлик ва умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди” деган сўзлари билан бошланган янги китобига жамланган публицистик мақолаларда кейинги ўн йилликда мамлакатимизда кечган улкан ижобий ўзгаришлар, қўлга киритилган ютуқлар халқчил тилда ёритилгани, илмий асосда таҳлил этилгани ва шоирона битиклар билан бойитилгани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Учрашувда айтилганидек, Абдусаид Кўчимовнинг илк китоби – “Кашфиётчи болалар” 1978 йилда нашр этилган. Шундан кейин адибнинг “Менинг Ўзбекистоним”, “Тошбургут”, “Менинг юлдузим”, “Чаноқ”, “Ҳалқа”, “Икки баҳор”, “Умид дарахтлари”, “Қиёфа”, “Ёсуман”, “Баланд тоғлар”, “Кўзларимнинг қароғидасан”, “Муҳаббат боғлари”, “Эл сув ичган дарёлар”, “Сафар”, “Сайланма” каби кўплаб шеърий ва насрий ҳамда публицистик асарлари нашр этилган.

Мазкур асарлар нафақат мамлакатимиз китобхонлари орасида, балки хорижда ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган. Ёзувчининг бир неча асарлари  рус, қозоқ, украин, беларусь, туркман, тожик ва бошқа тилларга таржима қилинган.

[gallery-28108]

Абдусаид Кўчимов қардош халқлар адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш орқали маданий алоқалар ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Жумладан, татар ёзувчиси М. Харисовнинг “Қизил сайёрага саёҳат” асари таржимаси ўзбек китобхонларига тақдим этилган. Шунингдек, ёзувчининг “Баланд тоғлар” қиссаси ва “Бойчечак” ҳикояси асосида кўп қисмли бадиий фильмлар яратилгани, “Халқа” китоби эса Хитой Халқ Республикасида  нашр этилгани унинг ижодий асарлари халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганидан далолат беради.

Тақдимотда педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев, Гулистон давлат  университети профессори Равшанбек Маҳмудов, “Шарқ юлдузи” журнали бўлим мудири, шоир ва ёзувчи Муҳаммад Исмоил, Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев ҳамда Гулистон давлат университети магистранти Ёрқинжон Ҳайитбоевлар сўзга чиқишиб, китобнинг мазмун-моҳияти ва маънавий аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев китобдан олган ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

– “Юксалиш симфонияси” Президентимиз томонидан сўнгги тўққиз йил давомида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари Самарқанддан Қорақалпоғистонгача бўлган барча ҳудудлар мисолида ёритилган бадиий, илмий ва публицистик асардир. Шу вақтга қадар бутун республика миқёсидаги ўзгаришларни қамраб олган бундай китоб яратилмаган. Илгари асосан вилоят, туман ёки хўжаликлар ҳақида ёзилар эди. Бу китобда эса мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳаларида эришилган энг муҳим натижалар жамланган. Энг аҳамиятлиси, муаллиф рақамлар ортидаги мазмунни кенг китобхонлар қалбига етиб борадиган услубда ифода этган.

Профессор Равшанбек Маҳмудов эса асарнинг  ёшлар маънавиятини бойитишдаги аҳамияти борасида сўз юритди:

–Абдусаид Кўчимовнинг “Юксалиш симфонияси” асари бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англашда муҳим қўлланма вазифасини ўтайди. Муаллиф тажрибали журналист ва адиб сифатида кўплаб ҳикматлар, ривоятлар, ғазал ва шеърлардан фойдаланган ҳолда асарни халқчил ва тушунарли тилда ёзган. Китобда таниқли сиёсатшунос ва жамоат арбоби Қудратилла Рафиқовнинг сўзбошиси ва 17 та мақола жамланган. Давлат раҳбарининг турли ҳудудларга ташрифлари чоғида амалга оширилган ишлар кўлами таҳлилий ва бадиий тарзда ёритилган. Асар нафақат адабий, балки маънавий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, ёш авлодни юртпарварлик, меҳнатсеварлик ва фидоийлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Тадбир давомида университетда фаолият юритаётган “Зулфия қизлари” ва “Мушоира” клублари аъзолари томонидан муаллифнинг Ватан, юрт, дўстлик, муҳаббат ва онага бағишланган шеърларидан намуналар  ифодали ўқилди.

Абдусаид Кўчимов мамлакатимизда, жумладан, Сирдарё вилоятида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деди:

– Бу китоб орқали юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудларнинг ривожланиши ва халқимизнинг ёрқин келажакка интилишдаги фидоийлигини бадиий-публицистик тарзда акс эттиришга ҳаракат қилдим.

Самимий ва кўтаринки руҳда кечган учрашув иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Таъкидланганидек, бундай маърифий тадбирлар ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларни миллий қадриятлар ва юртпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

“Юксалиш симфонияси”   Янги Ўзбекистон тараққиётини бадиий-публицистик  жиҳатдан юқори савияда ёритган муҳим асар сифатида китобхонлар қалбидан мустаҳкам  жой олишига ишонамиз. 

Ғулом Примов, Муҳаммад Карим (сурат), ЎзА