“Дунёга назар” таҳлилий дастури
Сўнгги йилларда юртимиз ташқи сиёсати анчайин самарали ва фаол кечмоқда. Минтақавий ижобий ўзгаришларга эришишда изчиллик, ҳар қандай шароитда давлат манфаатини ҳимоя қилиш стратегияси, қолаверса очиқлик туфайли халқаро аҳамиятга молик натижаларга эришилмоқда.
Эътироф этиш жоиз, Янги Ўзбекистон бугун глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро мулоқот майдонига айланди. Бугунги глобаллашув замонида, турли ўзгариш, таҳдидлар шароитида нуфузли халқаро йиғинлар айнан юртимизда ўтказилаётгани стратегик аҳамиятга эга.
Бу Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида диёримизда амалга оширилаётган кенг қамровли ва чуқур демократик ислоҳотлар натижаси, халқаро ҳамжамиятнинг ўлкамизга бўлган юксак ишончи десак, асло муболаға бўлмайди.
Қолаверса, бундай тадбирларга мезбонлик Ватанимизнинг нафақат минтақавий, балки глобал истиқболидан ҳам дарак беради.
ЎзА Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити, пойтахтимизда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқ 150-юбилей Ассамблеяси якунлари, шунингдек Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати, яхши қўшничилик руҳида шаклланаётган Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий вазият хусусида экспертларни суҳбатга чорлади.
Алишер Собиров, тарих фанлари доктори, профессор:

– Бундан ўн беш, йигирма йиллар олдин минтақамизда сиёсий вазият бошқача эди. Бу ҳудудларда бундай катта саммитлар ўтказиш тўғрисида деярли гап бўлмасди. Чегаралар, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги низолар тўғрисида гапирмасак ҳам бўлади. Энди эса вазият мутлақо бошқача.
Сўнгги етти-саккиз йил ичида Янги Ўзбекистонда жуда катта жараён бошланди. Диёримиз Марказий Осиё марказида жойлашган. Бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлагач, биринчи ўринда биз қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхшилай бошладик ва бу йўлда катта натижаларга эришдик.
Самарқандда ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитидан олдин Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси давлат раҳбарларининг тарихий учрашувида уч мамлакат етакчилари чегаралар масаласи бўйича охирги ҳал қилувчи нуқтани қўйишди. Бу ҳақда бежиз гапирмаяпман. Сабаби мен кўпгина халқаро конференциялар, анжумаларда иштирок этаман, баҳсларда қатнашаман, сиёсий экспертлар билан мулоқот қиламан. Қизиқ жиҳати, айрим хорижий таҳлилчилар Марказий Осиёда ҳали зиддиятлар олдинда, низолар биринчи навбатда Фарғона водийсидан бошланади, дейишарди. Лекин бу тахминларнинг умуман акси бўлиб чиқди. Келишмовчиликларни ҳеч қандай низосиз бартараф этиб, ҳамма муаммоларни ҳал қилиб қўйдик ва бу жараёнда Ўзбекистон ҳал қилувчи роль ўйнади.
Иккинчидан, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш борасида юртимиз охирги йилларда янги босқичга кўтарилди. Бу ҳам эътиборга молик.
Шарофиддин Тўлаганов, сиёсий шарҳловчи:

– 2017 йилдан бошлаб мамлакатимиз ва умуман Марказий Осиёда сиёсий вазият тубдан ўзгара бошлади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг биринчи ташрифи Туркманистонга бўлди. Нега бу ҳақда гапиряпман? Сабаби бутун дунёда давлат раҳбарининг биринчи ташрифга рамзий маънода алоҳида эътибор берилади.
Эътиборли жиҳати, Президентимизнинг қўшни ўлкалар билан яхши муносабатда бўлиши бутун дунёни қизиқтириб қўйди. Бир мисол: 2017 йилгача ҳам “С5+” формати бор эди, фақат ташқи ишлар вазирлари даражасида. 2020 йиллардан бошлаб бу формат давлат раҳбарлари даражасида кенгайди.
Эндиликда Хитой, Россия, Жанубий Корея, Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва Кўрфаз Араб мамлакатлари иштирокида айни форматлар ишламоқда.
Бугун халқаро ҳамжамият Марказий Осиёни ягона минтақа сифатини кўра бошлади. Бунда Ўзбекистоннинг жуда катта ҳиссаси бор. Қолаверса, Ватанимизнинг ташқи сиёсатдаги олиб бораётган ижобий ишлари ҳам Марказий Осиёни ягона минтақа сифатида боғлаб туради.
Ҳамза Болтаев, Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти Афғонистон ва Жанубий Осиёни ўрганиш маркази раҳбари:

– Марказий Осиёга нисбатан халқаро ҳамжамият эътибори ошгани бундай нуфузли тадбирлар минтақамизда ўтказилишига яна бир сабаб, дейиш мумкин.
Бундан ташқари Марказий Осиё мамлакатларида янги трансформация жараёни юз бераётгани ҳам ушбу саммитлар Тошкент, Самарқандда ташкил этилишига шароит яратмоқда.
Яна бир жиҳат бор: минтақада хавфсизлик масаласи. Ўзбекистон Президенти барча катта минбарларда ҳар доим Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўрамиз, деб таъкидлаб келади. Бу Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни устувор йўналиш қилиб белгилашга қаратилган ташқи сиёсати ва Афғонистон билан дўстона, прагматик ва иқтисодий манфаатларга асосланган ўзаро ҳамкорлик истаги ифодасидир.
Шу ўринда савол туғилиши табиий: нима учун Афғонистон Ўзбекистон, қолаверса Марказий Осиё учун муҳим?
Биринчи навбатда “Қўшнинг тинч – сен тинч” тамойилидан келиб чиқадиган бўлсак, қўшни ўлкада уруш бўлиб туриши ёки хавфсизликка таҳдид соладиган масалалар доимий мавжудлиги тинч ривожланишга халақит беради.
Қолаверса, иқтисодий тараққиётга эришиш ёки дунё ҳамжамиятига чиқиш учун фақат денгиз керак, деган парадигма ўзгаряпти. Ҳозир Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” дастури орқали ёки бошқа транспорт йўлаклари орқали Ўзбекистон маҳсулотларини дунё бозорига ва дунё товарларини Ўзбекистонга олиб келиш имконияти кенгаймоқда.
Абдували Сойибназаров, сиёсий шарҳловчи:

– Маълумки, 2016 йилдан сўнг Ўзбекистонда аввалги йилларга қараганда очиқлик ва прагматизмга асосланган ташқи ва ички сиёсат юритила бошланди. Янгидан янги ислоҳотлар амалга оширилди. Буни албатта Ғарбий Европа ҳам, Америка Қўшма Штатлари ҳам қўллаб-қувватлади.
Мамлакатимизнинг минтақа давлатлари билан яқинлашишга қаратилган сиёсати ўз самарасини берди. Агар қўшнилар билан муносабатимиз яхши бўлмаганда, ривожланган демократик давлатлар минтақага ҳеч қачон бунчалик қизиқмаган бўларди. Иқтисодий тараққиётимизда инвестиция ёки инфратузилма лойиҳалари билан иштирок этмаган бўларди, деб ўйлайман.
Марказий Осиё давлатлари ҳамжиҳатлигида Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши омили ҳам бор. Бу жараёнда Ўзбекистонинг ҳиссаси беқиёс. Бу ҳолат айниқса, Ўзбекистонга, қолаверса минтақага қизиқишни ҳам ошириб юборди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fWRFL68BjeE" title="Yangi O`zbekiston – geosiyosiy markaz va global sammitlar maydoni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бу ерда бошқа омиллар ҳам бор. Масалан юртимиз юздан ортиқ давлатга виза тартибини бекор қилди, 55 давлат учун виза олишни соддалаштирди. Агар минтақамизда тинчлик барқарорлигига кўзи етмаса, Европа давлатлари ёки АҚШ хавфсизлик таъминланмаган жойга ҳеч қачон келмаган бўларди, назаримда.
Ўткир АЛИМОВ,
Шаҳноза ТОШТЕМИРОВА,
Улуғбек ТЎХТАЕВ (видеомуҳандис).
ЎзА