"Янги Ўзбекистон" боғи: янгича ҳаёт ва янги дунёқараш
Маълумки, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларининг ташкил этилиши, сайр майдонлари, ҳиёбонлар, истироҳат боғлари яратиш - халқнинг турмуши, яшаш маданиятидан далолат беради.
Ўзбекистон байроғида яшил ранг бор — у барокатли табиатни акс эттириши билан бирга навқирон ёшдаги мустақил давлатнинг бир ифодасидир. Бугун бу юртнинг ёш ва яшил боғларида унинг истиқболи ҳам акс этмоқда. Жазирама иссиқда аҳоли яшиллик сари интилади, ҳиёбонларга, соя-салқин боғларга ошиқади. Хўш, Ўзбекистонда шундай яшил боғлар етарлими? Худди шу саволга куни кеча Президентимизнинг Қибрай туманида «Янги Ўзбекистон» боғи қурилишига ташрифи чоғида кўпчилик жавоб топди. Аввало, ушбу боғнинг ўзгача номи барчани ўзига тортади, "Янги Ўзбекистон" - янгилик кимга ёқмайди дейсиз?
104 гектарлик майдонни қамраган мазкур боғ миллий давлатчилик тарихи, халқнинг бугунги интилишлари ва Учинчи Ренессанс мақсадларини ўзида мужассам этмоқда. Эндиликда боғ орқали Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси бўй кўрсатади. Боғ комплексига жойлашувчи «Истиқлол» мажмуаси, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳи, сокин ҳудуд ва фавворалар - буларнинг барчаси халқимизга хизмат қилади.
Эртага боғдаги сўлим каштанлар ҳавосидан нафас олиб, гуллар ичида ўйнаб юрган фарзандларини кузатиб ўтирган ёшларни, эман дарахтига суяниб - қадим тарихни ёд этаётган нуронийларни, фавворалар рақсидан завқланаётган болаларни кўрган ҳар бир инсон ўзида қалбан янгиликни сезади, "Янги Ўзбекистон" нафасини ҳис этади. "Янги Ўзбекистон" боғи барпо этилгач, унинг афзалликларидан баҳраманд бўлганлар - эртага "Янги Фарғона", "Янги Самарқанд" каби кўплаб боғларига асос солсалар, не ажаб?
Буюк тарихимизга назар солсангиз, Амир Темур тарихда биринчи марта шаҳарларни боғлар билан ўраб олиш амалиётини киритган. Соҳибқирон Темур шаҳарларнинг экологик ҳолатини яхшилаган, иссиқ шаҳарнинг ҳавосини тозалаш ва микроиқлим яратиш каби боғчилик санъатига асос солган. Шунингдек, биз тарихда севиб мутолаа қиладиган, дунёнинг етти мўъжизаси сифатида тан олинган - қадим Бобилнинг "Серамида" осма боғларининг яратилиши ҳам ҳудди шундай давлат раҳбарларининг ташаббуслари билан бошланган.
Тарихимиз илдизларида кўриниб турганидек, биз - яратувчан халқмиз. Доно халқимизнинг "Яхшидан боғ қолар" деган нақлида ҳам чуқур ҳикмат бор. Бугун ислоҳотларимиз орқали бунёдкорлик, яратувчилик, ташаббускорлик сари интилар эканмиз, эртага фарзандларимиз, келажак авлод биздан ўрнак олади!
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори