Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги ўсимлик тури топилди

Маълумки, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи Ўзбекистоннинг энг йирик ва ноёб табиий ҳудудларидан бири бўлиб, унинг умумий майдони 574 минг 600 гектарни ташкил этади.

Минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлаш, ноёб ўсимлик турларини асраб-авайлаш ва уларнинг географик тарқалишини аниқ баҳолаш мақсадида Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи мутахассислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти олимлари ҳамкорлигида кенг кўламли илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистоннинг трансчегаравий ҳудудлари биохилма-хиллик марказлари ва уларнинг замонавий ҳолати” мавзусидаги фундаментал лойиҳа доирасида Ғарбий Тиён-Шон тоғ тизмасининг чегараолди минтақалари бўйлаб дала тадқиқотлари ташкил этилиб, ўсимлик турларининг хилма-хиллиги, экологик гуруҳлари, популяцион динамикаси ва антропоген омиллар таъсири ўрганилмоқда.

Муҳими, эришилаётган натижалар нафақат миллий боғнинг экологик мониторингини такомиллаштиришга, балки бутун минтақа бўйича трансчегаравий табиий ҳудудларни қўшма бошқариш, улар учун умумий муҳофаза стратегияларини ишлаб чиқиш ва халқаро экологик ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади. 

– Жорий йилда табиат боғи ҳудудида жойлашган Ойгаинг ҳавзасининг Текешсой, Аютор, Кўксув, Баркираксай, Туяқорин сойлари бўйлаб флористик ва геоботаник тадқиқотлар амалга оширилди. Жараёнда мутахассислар томонидан Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган 8 та Оқ парпи, Тук косачали астрагал, Гайсимон диморфсиадий, Комаров бўзбоши, Тиканли бўзбош, Оқгулли ширачи, Сарғиш лола ва Кауфман лоласи ўсимлик турининг учраш жойлари аниқланди. Уларнинг ҳолати мониторинг қилинди. Натижада Миллий боғ ҳудудларида чорва моллари боқилмаётгани сабабли ўсимлик турларининг ҳолати қониқарли экани маълум бўлди, – дейди Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи катта илмий ходими Улуғбек Қодиров.

Олиб борилган дала тадқиқотлари давомида Ойгаинг дарёси ва Коксу сойининг юқори қисмида икки хил тол турлари топилди. Бу турлар илгари Ўзбекистон флорасида қайд этилмаган. У “Карелин” толи ва “Кўкимтир” тол ёки “Кулранг” тол деб номланади. 

Ушбу кашфиёт Ўзбекистон ўсимлик турлари бойлиги ва биологик хилма-хиллигини янада бойитади. Келгусида ушбу турларни чуқурроқ ўрганиш, уларнинг тарқалиш доираси ва табиий муҳофазаси бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

А. Мусаев, ЎзА.