Янги орзу-умидларга ошно ўқув йили
4 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йили бошланиб, биринчи қўнғироқ садолари янгради. Умумтаълим мактабларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарси бўлиб ўтди.
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
4 сентябрь куни мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йили бошланиб, биринчи қўнғироқ садолари янгради. Умумтаълим мактабларида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарси бўлиб ўтди.
...Жажжи Мубинанинг барча болалар каби бугун шодлиги чексиз. Ҳали ўқиш бошланишига анча кун бўлса-да, у аввалдан мактаб сумкаси, дафтар, кундалик, ўқув анжомларининг барини шайлаб қўйган. Анчадан бери орзиқиб кутилган, бироқ жуда давомли туюлган ёзги таътил ниҳоялади. Ўқувчиларнинг кутганича бор. Негаки, мактаб – барча болалар учун қувонч, меҳридарё устозлар, қадрдон синфдошлару ўртоқлар жам бўладиган меҳр, билим, маърифат маскани.
Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги кенг нишонланишига ҳамоҳанг бошланган мазкур янги ўқув йили шуниси билан аҳамиятлики, бугунги кунда мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, ўқитиш сифатини буткул янгича асосда йўлга қўйиш, педагоглар меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 август куни ўтказилган ведеоселектор йиғилиши давомида мактаб таълимига доир энг муҳим вазифалар, соҳада йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар атрофлича муҳокама этилди. Уларнинг ечимлари бирма-бир қайд этиб ўтилди. Яратилаётган шароит ва имкониятларга қарамай ўқитиш сифати, педагогларнинг касбий малака ва маҳорати, ўз устида изланмай қўйгани рўй-рост айтилди. Мавжуд долзарб масалаларнинг ечими аниқ, батафсил белгиланди. Ёшлар келажагига бефарқлик ўз эртанги кунимизга, юртимиз тақдирига бефарқлик экани қайта-қайта эътироф этилди.
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 238-умумий ўрта таълим мактабида ҳам тантанали тадбир бўлиб ўтди. Гуллар, алвон тасмалар, рангин шарлар билан безатилган мактабнинг ҳовлисига қадам қўйган борки, болалиги, мактабини, билим берган биринчи ўқитувчиларини ёдга олиши, бугуннинг ўқув маскани билан таққослаши, ҳозирги ўғил-қизларга ҳавас қилиши шубҳасиз. Эрта тонгданоқ мактаб ҳовлисида билимга чанқоқ ўқувчилар, устозлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар жам бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди.
Тадбирда сўзга чиққанлар таълим-тарбиядаги ислоҳотлар ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янада яхшилаш, болаларга пухта ва мукаммал билим бериш, уларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга қаратилганини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда мактаблар тизимини ривожлантириш учун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан маблағ, имконият, зарур барча саъй-ҳаракатлар сафарбар этилаётир. Ўқитувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини қадрлаш, қўшимча имкониятлар яратиш бўйича барча шароитлар муҳайё этилмоқда. Бу эса педагогларни янада кўпроқ масъулият ва изланишга ундамоқда.
Маърифий жабҳадаги туб ўзгаришлар ушбу мактаб ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Президентимиз жорий йилнинг 10 май куни мазкур билим маскани фаолияти билан танишиш асносида болаларнинг тўлақонли таълим-тарбия олиши, ўқув биноларининг ўғил-қизлар миқдорига мутаносиблигини таъминлаш, ўқувчилару педагоглар учун керакли барча шароитларни яратиш юзасидан муҳим топшириқларни берган эди.
Ўтган қисқа фурсат давомида мактабда ушбу топшириқлар ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Кўркам ва янги ўқув биноси қад ростлади. Кенг ва шинам синфхоналар замонавий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Буларнинг бари устоз ва мураббийларни янада кўпроқ ғайрат билан болаларга таълим-тарбия беришга чорлаши шубҳасиз.
...Мустақиллигимизни, жонажон Ўзбекистонимизни, ёшларга кўрсатилаётган эътиборни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янграйди.
Юракларни орзиқтирувчи биринчи қўнғироқ садолари чалинди. Болалар синфлари сари йўл оладилар. Уларни билимларнинг чексиз дунёси, меҳрибон устоз ва мураббийлар, муттасил изланиш ва интилиш, машаққатларни муносиб енгиш, одамийлик, ҳалоллик, ватанпарварлик сабоғи кутмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 4 сентябрь куни 627 мингдан зиёд ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўяди. Қолаверса, имконияти чекланган 13 минг нафар бола ўз уйида таълим олишни бошлайди. Анъанага кўра, уларга янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус совғалари – ўқув-қуроллари топширилади.
2019 йили 1-синф ўқувчилари учун бериладиган “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига катта аҳамият берилди. Шу билан бирга барча таълим муассасаларига дарслик, ўқув-услубий қўлланма ва бадиий адабиётлар, шунингдек, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун мактаб мебеллари, ўқув лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа товар-моддий бойликлари Халқ таълими вазирлиги тақсимотларига асосан етказиб берилди.