Янги ўқув йили янги орзулар билан бошланди
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 762 та умумтаълим мактабида янги ўқув йили машғулотлари бошланди. Жорий ўқув йилида мактабларда жами 596 минг 803 нафар ўқувчи таҳсил олади. Янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида вилоятдаги 18 мактабда қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 4 та янги мактаб барпо этилмоқда.
Пахтаобод тумани Ҳаётбахш маҳалласида жойлашган 38-умумтаълим мактаби 310 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу сиғим ҳудудда истиқомат қилувчи мактаб ёшидаги болаларни таълим билан тўлиқ қамраб олиш имконига эга эмас эди. Шу сабабли инвестиция дастури асосида мактабга 300 ўринли қўшимча бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мактаб жамоаси, ўқувчи ёшлар, уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги янги бино очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда ёшларга, уларнинг ўқиши, билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-8665]
Мустақиллик байрами шукуҳи билан уйғунлашиб кетган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида сўз олганлар ёшларни янги ўқув йили ва янги бино билан табриклаб, уларни яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирди. Асака туманидаги 59- умумтаълим мактаби бошланғич синфлари ўқувчилари ҳам янги ўқув биносида машғулотларини бошлади. Янги, 660 ўринли қўшимча ўқув биноси инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 7,5 миллиард сўм тенг лойиҳа доирасида барпо этилди. Янги бинода замонавий, кенг ва ёруғ синф хоналари, ҳар бир хонага қўл ювиш учун жой ажратилган, сув иситиш мосламаси ўрнатилган. Бундан ташқари, ўқувчилар учун Book-cafe, тадбирлар ўтказиш зали мавжуд. Энди мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари барча қулайликларга эга ушбу янги бинода таҳсил олади.
Булоқбоши туманидаги 320 ўринга мўлжалланган 22- умумтаълим мактаби 1963 йилда қурилган бўлиб, ўқувчилар 2 сменада ўқитилар эди. Қурилганига қарийб етмиш йил бўлган мазкур мактаб биноси жорий йилда инвестиция дастурига киритилиб, лойиҳавий смета қиймати 5,5 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида капитал реконструкция қилинди, спорт зали қурилди. Қурилиш ишлари “Нетал кондир” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди. Эндиликда 650 нафар ўқувчи бир сменада, барча қулайликларга эга янги бинода таҳсил олади.
Мактабда ўтказилган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида ўқувчилар, уларнинг ота-оналари яратиб берилган шароитлар, кенг имкониятлар учун Президентимизга, мазкур хайрли ишга бош қўшган барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА