Янги ўқув йили янги орзулар билан бошланди
Навоий давлат педагогика институтида ҳам ўқиш анъанавий тарзда бошланди.
Жорий йилда олийгоҳнинг биринчи босқичига 3870 нафар талаба қабул қилиниб, уларнинг 3750 нафари бакалавриат, 120 нафари эса магистратура йўналишида ўқийди. Талабаларнинг 2275 нафари кундузги, 1175 нафар сиртқи, 300 нафари эса кечки таълим шаклида таҳсил олади.
Шунингдек, жорий ўқув йилида бакалавр йўналишида кундузги таълим шаклида даволаш иши ва педиатрия иши, спорт фаолияти – кураш, сиртқи таълимда ижтимоий иш – фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари, магистратура йўналишида эса математика (йўналишлар бўйича) ва география - ўрганиш объекти бўйича янги йўналишлар ташкил этилди.
Талабалар карантин талабларига риоя этган ҳолда, хусусан, кириш қисмида тана ҳарорати ўлчаниб, қўллари антисептик воситалари билан дезинфекция қилинган ҳолда олийгоҳ ҳудудига киритилмоқда.
Ушбу жараёнларда хавфсизликни таъминлаш учун Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари жалб этилган. Институт раҳбарияти ва факультет деканлари биринчи курсга қабул қилинган талабалар ва уларнинг ота-оналари ҳамда яқинларини табриклаб, сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қабул квоталари оширилиб, алоҳида имтиёзлар жорий этилгани, институтда янги йўналишлар очилиб, бунинг самарасида таълим сифати ўзгараётганини таъкидлади
Биринчи курс талабаларига бир ҳафта давомида таништирув ҳамда Мустақиллик дарслари ўтилади. Қолган барча курс талабаларига эса дарслар ўқув режа асосида олиб борилади. Институтда "Маслаҳат маркази" фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда талабалар ва уларни яқинлари ўқиш жараёнлари юзасидан саволларига батафсил жавоб олиши мумкин.



Абдували Бўриев, ЎзА