ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган шаҳарчасида Наманган давлат чет тиллари институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тўрақўрғон туманида жойлашган Исоқхон Ибрат номидаги мазкур институтда янги ўқув йилида 2 ярим минг нафардан зиёд талаба таҳсилга киришди. Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси билан Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудидаги 5 гектар ер майдонида бунёд этилган янги 1000 ўринли замонавий ўқув биносини қуриш учун 49 миллиард сўм маблағ ажратилди. Мазкур объектда қисқа фурсатда лойиҳада белгиланган 4 қаватли ўқув ва 5 қаватли маъмурий бино, ошхона, спорт зали ҳамда замонавий спорт майдонлари жой олди.
[gallery-19168]
Янги бино очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этиб, жамоани янги ўқув йили билан самимий табриклади. Рамзий лента қирқилгач, йиғилганлар бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2017 йилда вилоят бўйича олий таълим муассасаларида 13 минг нафар талаба таҳсил олган бўлса, бугунги кунда талабалар сони 70 минг нафарга етган. Ёшларни олий таълим билан қамраб даражаси эса 9 фоиздан 48,5 фоизга ортган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА