Янги қонунчилик: Сўз эркинлиги тўлиқ таъминланишига мустаҳкам замин яратиши керак
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституция кунидаги тантанали маросимдаги маърузасида оммавий ахборот воситалари фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституция кунидаги тантанали маросимдаги маърузасида оммавий ахборот воситалари фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови, деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши учун оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакиллари эканлиги алоҳида эътироф этилди.
Ҳақиқатдан ҳам сўнгги йилларда жамият ҳаётида мавжуд муаммоларни кўтариб чиқиш ва уларни бартараф этиш, унга зарар келтирувчи коррупция ҳамда бошқа шу каби мавжуд иллатларга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни сезиларли даражада ошди.
Маълумки, Конституциянинг 67-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади. Цензурага йўл қўйилмайди.
Бу эса, ўз навбатида, эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини ёхуд эфирга берилмаслигини талаб қилишга ҳеч ким ҳақли эмаслигини англатади.
Мамлакатимиз қонунчилигида оммавий ахборот воситалари ва журналистлик фаолиятнинг ҳуқуқий асослари базаси шаклланган бўлиб, уларда оммавий ахборот воситалари, журналистларнинг ҳуқуқлари, ва, албатта, мажбуриятлари аниқ-равшан қилиб белгилаб қўйилган.
Айни пайтда журналистларнинг чинакам сўз эркинлигини қоғозда эмас, амалда таъминлашга қаратилган ишлар таҳсинга сазовор. Бунинг натижасида оммавий ахборот воситалари том маънода “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилмоқда. Ҳатто айрим қонун ҳужжатларида оммавий ахборот воситалари жамиятдаги мавжуд камчиликлар ва иллатларга қарши курашишнинг ҳақиқий воситаси сифатида тилга олинмоқда.
Мисол учун, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Чинакам сўз эркинлиги, ахборот олиш эркинлигининг амалда таъминланиши туфайли оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда интернетдаги ижтимоий тармоқлар, блогерлар жамоатчилик фикрини шакллантиришда ва мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундашда катта роль ўйнамоқда.
Уларни керакли маълумот билан ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри таъминлаш эса давлат органлари матбуот, ахборот хизматларининг вазифаси ҳисобланади. Ахборот хизматлари мазкур вазифани чуқур англаган ҳолда бугунги кунда тегишли маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш бўйича ишларни амалга оширмоқда ва бунинг учун уларга барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
Президентимиз давлат ва жамият бошқарувида, кундалик фаолиятимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш мақсадида фуқароларнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий норманинг ижросини амалда тўлиқ таъминлаш зарурлигига эътибор қаратаётгани эса ахборот хизматлари ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Тизим ходимлари бунга жавобан янада фаол, зарур ахборот ва маълумотларни беришда тезкорлик, аниқликка амал қилиши муақсадга мувофиқ.
Тўғри, айни пайтда оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш борасида фаол иш олиб борилаётанлиги қувонарли. Бу соҳанинг фаолияти цензурадан мутлақо холи бўлиши, сўз эркинлигининг тўлиқ таъминланишига мустаҳкам замин яратиши керак.
Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди.
Севара ЎРИНБОЕВА, журналист.