“Янги нафас” югуриш мусобақа
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Давлат Байроғи қабул қилинганлиги муносабати билан “Янги нафас” югуриш мусобақасини ташкил этиш ва уни ўтказиш юзасидан тузилган штаб аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
18 ноябрь – “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида” ги қонун қабул қилинган кун сифатида юртимизда кенг нишонланади. Жорий йилда ушбу санани янада кўтаринкилик билан ўтказиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Жумладан, юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида юрт байроғига ҳурмат, ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, қолаверса, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказиладиган “Янги нафас” югуриш мусобақаси ана шундай тадбирлардан биридир.
[gallery-9456]
Андижон вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда мусобақани ўтказиш бўйича вилоят ички ишлар, спорт ишлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими бошқармалари, вилоятдаги олий ўқув юртлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан иборат штаб тузилиб, муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда мусобақани ўтказиш билан боғлиқ барча масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда “Янги нафас” югуриш мусобақасини ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш бўйича режа ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Комиссия аъзолари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакилларига тегишли вазифалар топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА