Янги метро поездлари ишга туширилди
Тошкент метрополитенида янги метро поездлари пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига хизмат қилишни бошлади.
Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ахборот хизмати маълум қилди.
Ўтган ҳафта олиб келинган янги поездларнинг созлаш ишлари якунлангач, энг кўп йўловчилар оқимига эга бўлган Чилонзор йўналишида учта ҳаракат таркиби ўз ишини бошлади. Қолган яна иккита метро поезди ҳам яқин орада ушбу йўналишда ҳаракатланишни бошлайди.
Таъкидланишича, энди Чилонзор йўналишида эрталабки тиғиз вақт – соат 07:30 дан 9:00 гача поездлар орасидаги интервал 3 дақиқани ва кечки тиғиз вақт – 16:30 дан 19:30 гача 4 дақиқани ташкил этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА