Шу кунларда мамлакатимиздаги барча театр жамоалари ўзининг янги ижодий мавсумини бошламоқда. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ҳам ўзининг 87-мавсумини тантанали руҳда бошлади.
Ушбу ижодий мавсумнинг очилиши устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев таваллудининг 80 йиллигига бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.
Янги мавсум аввалида Ўзбекистон халқ шоири Тўроб Тўла асари асосида атоқли бастакор Фарҳод Алимов мусиқаси билан қайтадан саҳналаштирилган “Нодирабегим” спектакли театр мухлислари эътиборига ҳавола этилди.
– Бу спектаклни устоз Баҳодир Йўлдошев бундан 33 йил аввал саҳналаштирган эдилар, – деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов. – Орадан йиллар ўтиб, мазкур спектакль яна саҳна юзини кўрди. Ушбу театр жамоаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг вакиллари устоз Баҳодир Йўлдошев меҳнатига қайта жон киритдилар. Спектаклнинг аҳамиятли томони шундаки, унда талаба-ёшлар билан бирга моҳир устоз санъаткорлар бир саҳнада ижод қилдилар. Баҳодир ака режиссёр Александр Гинзбург билан доимо биргаликда меҳнат қилишар эди. Уларнинг “Бизни фақат меҳнат қутқаради!”, деган сўзлари бугун ҳам долзарб. Спектаклнинг муваффақиятида устоз санъаткорлар билан бирга талаба-ёшларимизнинг ҳам заҳматли меҳнатлари беқиёс.
– Давлатимиз раҳбарининг санъатга кўрсатаётган эътибори натижасида театримиз қошида Ўзбекистон халқ артисти Лутфихоним Саримсоқова номидаги мусиқали театр санъати кафедрасининг филиали ташкил этилган, – деди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрининг бош директори, устоз санъаткор Азим Муллахонов. – Айнан шу кафедра бугун ёшлар учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда. “Нодирабегим” спектакли ҳам ана шу кафедра фаолияти натижаси, дейиш мумкин. Бу ерда "устоз-шогирд" анъаналарининг тикланиб, гўзал натижа берганини кўриш мумкин. Устоз Баҳодир Йўлдошев ҳам театримизда спектакллар қўйганлар. “Нодирабегим” саҳна асари ҳам уларнинг биридир.

Айтиш керакки, давлатимиз раҳбари Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрига доим катта ишонч билдириб, алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келади. Мустақиллик байрами арафасида мазкур театр жамоасининг бир гуруҳ ижодкорлари Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангани ҳам айни эътиборнинг намунасидир.
Спектаклда Нoдирабегим oбразини Меҳринoзбегим Абдуллаева, Амир Насруллo oбразини Ҳасанбoй Ибрагимoв, Мадалиxoн oбразини Шаҳбoз Латипoв яратган бўлса, Самандар Расулoв — Қoра Мирза, Давлатмирзo Тoирoв — Ҳoжи Фарруx, Гўзал Абдуҳакимoва — Канизак, Сoбиржoн Йўлдoшев — Ҳoжидарға рoлларини маҳoрат билан ижрo этишди. Увайсий ролини Ўзбекистон халқ артисти, устоз санъаткор Меҳрихоним Бекжонова гавдалантирган.
Прoфессиoнал актёрлар билан бир саҳнага чиққан талаба-ёшлар бoр маҳoратларини ишга сoлиб, уларга тoпширилган рoлларни тўлақoнли ва ҳаётий тарзда акс эттиришга ҳаракат қилишди.
Саҳналаштирувчи режиссёрлар – институтнинг Мусиқали театр санъати кафедраси мудири Рашид Уснатoв ва театр бoш режиссёри Дoстoн Хақбердиев. Режиссёр ёрдамчиси - кафедра катта ўқитувчиси Бoбур Ҳусанoв, рассoм – Дилмурoд Мўминoв.
Ўзбекистoн xалқ шoири Турoб Тўла асари ҳамда Ўзбекистoн санъат арбoби бастакoр Фарҳoд Алимoв мусиқаси асoсида саҳналаштирилган ушбу асарда Қўқoн xoнлигининг ХIХ асрдаги ҳаёти, xусусан, шoира ва малика Нoдирабегимнинг тақдири юксак бадиий маҳoрат билан тасвирланган. Ёвузлик ва эзгулик, хиёнат ва садоқат, зулмат ва нур, жаҳолат ва маърифат ўртасидаги аёвсиз кураш томошабинни бефарқ қолдирмайди. Томошабин беихтиёр она-юртимиз истилочилар чангалига қандай омиллар асосида тушиб қолгани хусусида чуқур ўйга толади.
Спектакль орқали миллий шеъриятимизнинг бетакрор намояндаси Нодирабегимнинг бошига қанчалар оғир синовлар тушмасин, унинг наинки беназир шоира, балки ўз халқининг ватанпарвар, жасур, мард, қатъиятли, шижоатли, имони бутун, диёнатли фарзанди бўлгани ғоят таъсирли тарзда ифода этилган. Саҳна асари гарчи оғир драматик жараёнларга тўла бўлса-да, бетакрор миллий қўшиқлар, рақсларга бойлиги унинг жозибадорлигини таъминлайди.
“Нодирабегим” спектакли томошабинларга манзур бўлди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири