Янги массивларда “Китобхонлик кунлари”
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёд этилаётган янги турар-жой массивларида Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида “Китобхонлик кунлари” ўтказилди.
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёд этилаётган янги турар-жой массивларида Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида “Китобхонлик кунлари” ўтказилди.
Айни пайтда туман ҳудудидаги учта янги массивда бош режа асосида 700 дан ортиқ янги уй бунёд этилмоқда. Барак уйларда яшаб келган оилалар учун қурилаётган шахсий турар-жойларнинг асосий қисми давлатимиз томонидан берилган катта ёрдам туфайли қисқа муддатларда қуриб битказилди.
Ободлик фақат турар-жойларнинг янгиланишигина эмас, албатта. Янги массивларда инфратизим иншоотлари ҳам барпо этилаётир. Ҳозиргача 2,5 километр ичимлик суви узатиш тармоғи тортилди. Электр узатиш тармоқлари тўлиқ янгиланди. “Олтинкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги янги массивда 150 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилмоқда. Савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилаётир. Бу ерда ишлаётганлар, янги уйларга кўчиб келганлар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ҳудудда хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун 200 ўринли тикувчилик корхонаси барпо этилди. Қисқа муддатли тикувчилик курси ташкил этилиб, уй бекаларидан ва касб-ҳунар коллежларини битирган қизлардан 200 нафари тажрибали ишлаб чиқариш усталари томонидан тикувчилик касбига қайта тайёрланаётир.
Янги массивдаги бунёдкорлик, ободлик ҳудудга замонавий қиёфа бахш этиб, одамлар дилига ҳаётдан розилик олиб кираётир.
Вилоят адлия бошқармаси ва давлат хизматлари маркази томонидан янги массивда “Китобхонлик кунлари” тадбири ташкил этилди. Ушбу маърифий тадбир давомида китоблар кўргазмаси ўтказилди. Янги массивдаги уйларни қуришда қатнашган ҳашарчи-қурувчилар учун дастурхон ёзилиб, ҳашар оши тортилди.