_
Яқинда “Халқ сўзи” газетасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг мақоласи (https://xs.uz/ru/post/novaya-tsentralnaya-aziya-vo-vneshnej-politike-uzbekistana) чоп этилди. У минтақа ва жаҳон матбуотида кенг ёритилди. Шу муносабат билан, биз қуйида ушбу мақолада кўтарилган айрим долзарб масалаларга тўхталиб ўтамиз.
ТАРИХГА БИР НАЗАР
Марказий Осиё инсоният цивилизацияси бешикларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиёда қадимги шаҳарлар бундан 4000 йил аввал ва 2400 йил муқаддам қадимги Хоразм ёзуви пайдо бўлган. Милоддан аввалги II асрдан XVI асргача бу ҳудудда Буюк Ипак йўлининг муҳим йўллари ўтиб, Европа ва Шарқ цивилизациялари ўртасида халқаро савдо ва маданий алмашув амалга оширилган. Қарийб икки минг йил давомида Марказий Осиё кўплаб халқларининг тақдири бир-бирига боғланган эди. Бу уларнинг моддий ва маънавий маданиятида маълум бир умумийликни юзага келтирди, тили ва адабиётида ўз аксини топди.
Масалан, бунда минтақанинг ўзига хос ҳодисаларидан бири икки ўзаро боғлиқ бўлган гуруҳлар: ўтроқ /форсий-забон ва кўчманчи /туркий-тиллилар ўртасидаги муносабатларнинг минг йиллик тарихидаги ижобий жиҳатларни ҳисобга олиш зарур. Уларнинг ҳаётий фаолияти бир-бирини инкор эта олмайдиган икки тилли ўзаро таъсир ва қоришиб кетганлигига асосланганлиги билан характерлидир.
Марказий Осиё атамаси эса ўтган асрнинг 80-йилларидан қўлланила бошланди. Ғарб олимлари эса Марказий Осиё деганда Мўғулистон, Сибирнинг жануби, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Афғонистоннинг шимоли, Эроннинг Ҳирот атрофлари, Тибет, Синьцзян, Ганьсу ҳудудлари киришини қайд этадилар.
1993 йил 4 январда Тошкентда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувида минтақанинг Марказий Осиё деб номланиши, унга Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари кириши келишиб олинди.
2024 йил 9 августда Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон президенти Ш.М. Мирзиёев “Бугун биз умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш жараёни бошлангани ҳақида ишонч билан айтишимиз мумкин“ ва „маданий-тарихий мероснинг умумийлигини ҳисобга олган ҳолда, халқларнинг минтақа келажаги учун дахлдорлиги, бирдамлиги, умумий масъулиятни англашини кучайтиришга катта эътибор бериш лозим"лигини таъкидлади.
Марказий Осиё табиий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий имконияти билан дунёда маълум мавқега эга минтақа ҳисобланади. Бу минтақа инсоният тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ва бугунги кунда ҳам қўшиб келмоқда. Минтақа давлатлари ривожини таъминлашда, халқаро майдонда маълум ўринга эга бўлишида, қолаверса тараққиётга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этишда ҳам ҳамкорлик энг муқобил йўлдир.
Минтақавий ҳамкорликнинг бугунги кундаги натижалари ҳам (минтақавий ҳамкорликни юқори чўққиси минтақавий интеграциянинг кучайиши) тушунчасига турли таъриф беришга сабаб бўлмоқда. Яъни, баъзи олимлар минтақавий ҳамкорлик натижасида иштирок этувчи давлатлар ўртасида чегараларнинг йўқолиб кетиши тушунилади деса, бошқалари давлатларнинг ягона иқтисодий-сиёсий бирликка жипслашиши содир бўлишини илгари суради. Яна бир талқинга кўра, минтақавий ҳамкорлик иштирок этувчи субъектларнинг ўзаро иқтисодий ва сиёсий алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган жараён тушунилади.
Бу ўринда Марказий Осиёда хорижий оммавий ахборот воситалари таъсирида парчаланаётган ахборот-мафкуравий соҳа муаммосини ҳам қўшишимиз керак. Бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари минтақа мамлакатлари тарихининг турли ва қарама-қарши талқинларини келтириб чиқарадиган муаммоларни янгилаш орқали жамоатчилик онгини манипуляция қилишга уринишда давом этмоқда.
Минтақавий ҳамкорлик – объектив зарурият натижасида маълум бир минтақа давлатларининг тенглик, ихтиёрийлик, умуммиллий манфаатларнинг уйғунлашуви асосида биргаликдаги фаолиятидир. Бунда минтақавий ҳамкорлик ўзагини объектив зарурият ташкил қилади. Айнан ана шу объектив заруриятни воқеликка айлантиришдан маълум тамойиллар асосида минтақавий интеграцияни шакллантиришгача бўлган яхлит жараён минтақавий ҳамкорликни ташкил этади. Демак, минтақа давлатларининг яқинлашуви ҳодисаси кузатилаётгани экспертлар томонидан ижобий ҳол, деб баҳоланмоқда
САМАРҚАНД КОНСЕНСУСИ
2017 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Марказий Осиё: ягона ўтмиш ва умумий келажак, барқарор тараққиёт ва ўзаро фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференция чақирилди. Унда иштирок этган минтақанинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон раҳбарининг давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларини қўллаб-қувватладилар.
Ўша пайтдаёқ, “Самарқанд консенсуси” шаклланди, унда барча мамлакатлар минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда муҳокама қилиш, ўзлари ва умуман минтақага тегишли масалалар бўйича йўл излаш ва қарор қабул қилиш ниятларини билдирдилар.
Самарқанд консенсуси халқаро ҳамжамият томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Орадан атиги олти ой ўтиб, 2018 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш учун минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди.
МАРКАЗИЙ ОСИЁ ФЕНОМЕНИ
Марказий Осиёнинг ноёблиги ягона тарихий-маданий маконда эканидадир. Минтақа давлатлари интеграциялашув учун бутун бир тарихий маданий ва тамаддуний шарт-шароитлар мажмуасига эга. Туркийлар ва суғдийларнинг ўзига хос маънавий-маданий симбиози бунга яққол мисол бўла олади. Туркийлар ва суғдлар тарихи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, қадимги туркийзабон ва форсийзабон қабилалар ўртасидаги маданий алоқаларнинг ўзаро бирлашуви содир бўлган.
Олмон тадқиқотчиси М.Кайзер Марказий Осиёда ислом ва Турон “давлат чегараларини кечиб ўтувчи Евроосиё интеграциясининг элементлари ҳисобланади. Улардан миллий ва трансмиллий ўзликни англаш тушунчаларини яратиш учун фойдаланилади", дея таъкидлайди.
Янги геосиёсий шароитда Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги боғловчи кўприк, турли иқтисодий манфаатлар чорраҳаси вазифасини бажариб, Буюк Ипак йўли даврида минтақа ўйнаган ролини яна бир бор тикламоқда. Минтақа Tранс-Каспий йўлаги, Шимолий-Жанубий йўналиш доирасида транспорт ва коммуникация йўналишлари, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган, Хитойдан Европага йўлакларни диверсификация қиладиган янги лойиҳаларнинг муҳим элементига айланмоқда.
Минтақамизни Европа темир йўл тармоғи билан боғлаш учун мўлжалланган Хитой-Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлини қуриш тўғрисидаги битимнинг тузилиши Марказий Осиё учун транспорт ва транзит йўналишларини диверсификациялашдаги ютуқ бўлди. Маданий-гуманитар алмашинув йиллар давомида сезиларли даражада фаоллашди.
Минтақа иқтисодиётида ривожланиш юз бермоқда. Ҳамкорлик ва минтақалараро савдо даражаси сезиларли даражада ошди, хорижий шериклар билан алоқалар кенгайди. Минтақалараро савдо 4,4 баробар, қўшма корхоналар сони 5 баробар, ўзаро инвестициялар ҳажми 2 баробар ошди.
Бугунги кунда Марказий Осиё 10 дан ортиқ "ЦА+" форматлари доирасида 40 га яқин мамлакат ва иккита минтақавий ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ҳамкорлик салоҳияти ва имкониятлари ҳақида гапирганда, шуни таъкидлаш керакки, ушбу иқтисодий маконда давлатлар улуши жаҳон ЯИМнинг 75 фоизини ташкил этади ва уларда дунёнинг тўрт миллиардга яқин аҳолиси истиқомат қилади.
Ўз навбатида, ҳамкорларимиз учун Марказий Осиё 80 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга истиқболли, сиғимли бозор ҳисобланади. Дунёдаги нефть ва газ захираларининг 7 фоизи бу ерда мос равишда рақамли ва яшил трансформация учун зарур бўлган ноёб тупроқ таҳлилий материалларининг йирик конлари тўпланган. Хусусан, минтақада мавжуд бўлган 10 та муҳим материаллар захиралари 5,2 фоиздан 38,6 фоизгача етади. Марказий Осиё рақобатбардош меҳнат ресурслари ҳажми ортиб бораётган минтақадир. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилда минтақа аҳолиси 100 миллион кишидан ошади. Шу билан бирга, минтақа дунёдаги энг кўп ёшлардан бири бўлиб қолади — аҳолининг ўртача ёши тахминан 30 ёшни ташкил қилади.
МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ 2040 ЙИЛ ИСТИҚБОЛИ
Бешта давлат раҳбарлари биринчи марта минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг умумий қарашлари — Марказий Осиё-2040 концепцияси тўғрисида келишиб олдилар, бу давлатларнинг узоқ истиқболли мажбуриятини тасдиқлади ва минтақавий ҳамкорлик жараёнининг прогрессив табиатини кўрсатди. Ҳужжатда ҳамкорликнинг барча муҳим йўналишлари қамраб олинган, келажак учун аниқ амалий режалар белгилаб берилган, уларни амалга ошириш шакллари ва механизмлари аниқланган.
Шуни эътироф этиш керакки, Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев туб ўзгаришларга, тўпланган муаммоларни ҳал қ илишга, қўшнилар билан муносабатларни ўрнатишда эскирган ёндашувларни тубдан йўқ қилишга бўлган жамоатчилик талабини чуқур ҳис қилган раҳбар сифатида ўзини намоён қилди.
Ўзбекистон раҳбари ташқи сиёсатнинг янги яхлит доктринасини ишлаб чиқди. Унда Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизлик, замонавий хавф ва таҳдидлар, янги дунё тартибини шакллантириш каби долзарб масалаларга қарашлари ва ёндашувлари белгилаб берилган эди. Доктринада дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан тенглик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган. Ушбу доктринада Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди. “Қўшнилар билан нол муаммолар”га эришиш мақсади диалогларда биринчи ўринда туради. Бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига ўз хавфсизлигини мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги, очиқлик, прагматизм ва конструктивизм, тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олишга асосланган проактив мулоқот тамойиллари минтақавий сиёсатнинг концептуал асосига айланмоқда.
Ўзбекистон раҳбари ҳукумат ва ташқи сиёсат аппарати учун минтақавий сиёсатнинг асосий вазифалари — чегараларни мувофиқлаштириш жараёнларини якунлаш, сувдан оқилона ва адолатли фойдаланиш масалаларини биргаликда ҳал этиш, иқтисодий, экологик, транспорт, логистика, илмий-техникавий ривожланиш ва бошқа соҳаларда мамлакатларнинг ўзаро боғлиқлигини белгилаб берди.
Тошкентнинг Марказий Осиёда сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ёндашувларидаги ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг қўшнилари билан давлатлараро муносабатларини тубдан яхшилаш учун шароит яратди, балки Марказий Осиёни янги шаклда янада мустаҳкамлаш ва интеграциялашувига асос солди.
Гудзон институти (АҚШ) эксперти Ричайрд Вайтс “Мирзиёевнинг Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан муносабатларни яхшилашга қанчалик тез ҳисса қўшгани билан бирга, бу шериклар Тошкентнинг янги минтақавий ёндашувини кутгани ва олқишлаган”ини билдирди Унинг сўзларига кўра, мамлакат Евросиёнинг марказида, кўплаб Шарқ-Ғарбий ва Шимолий-Жанубий транспорт йўлаклари қаторида жойлашган бўлиб, бу “Тошкентнинг йирик минтақавий лойиҳалар ҳамда Евросиёнинг барқарорлиги ва фаровонлиги учун муҳим аҳамиятга эга”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг мақоласида таъкидланганидек, Остонада “Марказий Осиё бешлиги” раҳбарлари учрашувларининг иккинчи цикли Ўзбекистонга 2025 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити ўтказиладиган мамлакат сифатида ҳар томонлама минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантиришга алоҳида масъулият юклайди.
Биринчидан, сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш.
Иккинчидан, бизнинг устувор вазифамиз иқтисодий йўналишда стратегик бурилишни амалга ошириш.
Учинчидан, қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш.
Тўртинчидан, транспорт ва коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш.
Бешинчидан, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш.
Олтинчидан, иқлим ўзгаришига мослашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.
Еттинчидан, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш.
Муаллифнинг таъкидлашича, сиёсий ирода, мисли кўрилмаган прагматизм, ишончни мустаҳкамлаш чоралари ва давлат раҳбарлари дипломатиясининг мослашувчанлиги, асосий давлатлараро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда оқилона муросага тайёрлиги Марказий Осиёда низо ва келишмовчиликлардан ўзаро тушуниш ва ҳамкорликка стратегик ўтишни таъминлаб келмоқда.
МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ УЙҒОНИШИ
Яқинда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев “Марказий Осиёнинг уйғониши: барқарор тараққиёт ва фаровонлик сари” номли мақоласини (https://www.ritmeurasia.ru/news--2024-08-26--statja-tokaeva-manifest-centralnoj-azii-75259) эълон қилди. Унда Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий ривожланиш двигателига айланишига имкон берадиган стратегик йўналишлар кўрсатиб ўтилди. Аввалроқ, Қозоғистон Президенти Сингапурда глобал тинчлик ва барқарорликни сақлашда ўрта давлатлар (middle powers) нинг роли тўғрисида маъруза қилган ва Европанинг бир қатор нашрлари саҳифаларида шунга ўхшаш ғояларни илгари сурган. Қозоғистон президенти нуқтаи назарича, ўрта давлатлар халқаро тартибни сақлаш ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилишдан бошқаларга қараганда кўпроқ манфаатдор, чунки буюк давлатлар ушбу нормаларни ташқи сиёсатини чекловчи сифатида қабул қилишади. Ўрта давлатлар учун бу нормалар асосий ҳимоя ҳисобланади.
Қ.-Ж.Тоқаевнинг фикрича, Марказий Осиё "савдо, сармоя, илм-фан ва инновациялар соҳасида катта имкониятлар маконига айланмоқда", шу жумладан ўз ресурслари - дунёдаги уран захираларининг 20%, дунёдаги нефть захираларининг 17,2% ва табиий газнинг 7%ига эга. Бу минтақа "сайёрадаги энг муҳим транспорт, логистика ва транзит марказларидан бирига айланиши учун барча имкониятлар мавжуд.
Гронинген эффекти деб аталадиган Голландия касаллиги углеводородлар экспортидан нефтедоллар оқими кескин ошган иқтисодиётда кузатилади. Бизда ҳам ушбу оқим натижасида миллий валюта мустаҳкамланмоқда, дейди Қ.-Ж. Тоқаев. Натижада, юқори қўшимча қийматга эга ресурсларни экспорт қилиш фойдасиз бўлиб қолади (масалан, юқори технологияларни), чунки улар қиммат миллий валютада ишлаб чиқарилади ва арзон (миллий валютага нисбатан) долларга сотилади. Бизнес нуқтаи назаридан қизиқ бўлган ягона иқтисодий фаолият-бу барча ресурслар оқиб кетадиган хом ашё экспорти (паст қўшимча қиймат). Агар ҳукумат аралашмаса, давлат бензоклонкага айланади.
Тоқаев бундай сценарийнинг хавфини эслатиб, "аста–секин ресурсларга қарамликдан узоқлашиш" зарурлигини айтиб, замонавий иқтисодчиларга яхши маълум бўлган рақамлаштириш рецептини таклиф қилади. ИТ соҳасини ва инсон капиталини ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ресурсларга қарамликдан узоқлашишга ёрдам беради. Бироқ, бу йўлда Марказий Осиё давлатлари аниқ тузоққа дуч келишади-иш ўринлари яратмасдан инсон капиталига инвестициялар киритиш ижтимоий кескинликнинг кучайишига ёки иқтидорли мутахассисларнинг четга чиқиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам Тоқаев минтақа иқтисодиётида "рақамли ва ижодий соҳаларда бум" яратиш зарурлигини таъкидлайди.
Марказий Осиёни глобал логистика маркази сифатида гапирар экан, бунда Шимолий–Жанубий коридор ҳамда "Бир макон, бир йўл" каби халқаротранспорт лойиҳалари муҳим роль ўйнашини таъкидлайди. Денгиз инфратузилмасини, биринчи навбатда Қозоғистоннинг Актау ва Курик портларини ривожлантириш муносабати билан очиладиган истиқболлар ҳақида алоҳида гапириш керак, бу эса Хитой ва Европа бозорларининг логистика алоқасини мустаҳкамлашга имкон беради.
МИНТАҚАВИЙ ҲАМКОРЛИК ОМИЛЛАРИ
Эндиликда халқлар ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги, муаммоларни ҳал қилиши дунёнинг тараққиётини кафолатлайди. Шундагина сиёсий маконда ҳаммага жой топилиб, ҳеч ким ўзини камситилган, ҳуқуқлари чекланган, деб билмайди. Бундай имкониятга фақат минтақавий ҳамкорлик орқали эришилади.
Минтақавий ҳамкорлик учинчи минг йиллик халқаро сиёсатида етакчи мавқени эгаллайди. У глобал тараққиёт зарурати сифатида шаклланади. Ана шу ҳақиқатни ўз вақтида тушуниб етиш ва уни ривожлантириш учун амалий саъй-ҳаракатларга ўтиш вақти етиб келди.
Бизнингча, минтақавий ҳамкорлик жараёнлари ривожи учун қуйидаги шарт- шароитлар муҳим ўрин тутади, деб ҳисоблаймиз: биринчидан, географик яқинлик, географик нуқтаи назардан бир минтақада жойлашганлик; иккинчидан, иқтисодий, сиёсий барқарорлик ва шу асосида тараққиёт; учинчидан, давлатлар сиёсий тизимининг мутаносиблиги; тўртинчидан, ҳамкорликни сиёсий элита ва жамият томонидан қўллаб-қувватланиши; бешинчидан, миллий маданиятларнинг ўзаро яқинлиги ва тарихий илдизларнинг умумийлиги; олтинчидан, бошқарув шакли ва иқтисодий тизимнинг ўхшашлиги; еттинчидан, ҳарбий потенциал даражаси яқинлиги ва ташқи таҳдидларнинг умумийлиги; саккизинчидан, давлатларнинг ҳамкорлик тажрибаси; тўққизинчидан, умумий муаммоларнинг мавжудлиги; ўнинчидан, ташаббускорлик ва сиёсий лидерларнинг унга мойиллиги.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Остона саммитидан кейин кутиладиган иқтисодий-сиёсий ва маънавий натижалар қуйидагилардан иборат бўлади:
Минтақавий интеграция Марказий Осиё давлатларига минтақалараро меҳнат тақсимотидан қўшимча даромад олиш имконини беради.
Интеграция давлатларимизни хорижий инвесторлар учун янада жозибадор қилиб кўрсатади.
Интеграция рақобатни кучайтиради.
Ўз навбатида, ушбу Марказий Осиёда қайси тўсиқ ва чекловлар келгусида интеграциялашув учун халақит беришини аниқлаб олишимиз керак бўлади. Иқтисодчи эксперт Юлий Юсуповнинг таъкидлашича, биринчи навбатда, эркин савдо йўлидаги турли тарифли ва нотариф (техник) тўсиқлар бўлади. Жумладан, ҳозирга қадар четдан, Марказий Осиё давлатларидан кираётган товарларга ҳам импорт акцизлари қўлланилади. Дейлик, давлат харидлари мобайнида ҳукуматлар томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ажратилаётган имтиёзлар рақобат муҳитини емиради ва қўшни давлат корхоналарини тенгсиз шароитларга дучор қилади.
Инсонларнинг эркин ҳаракатланишига виза режими ҳам бирмунча халақит беради. Мисол учун, Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан виза режимига эга. хорижликларни қайддан ўтказишнинг мураккаблаштирилган қоидалари (Қирғизистондан ташқари минтақанинг барча давлатлари учун характерли) ҳам умумишимизга тўсиқ бўлмоқда.
Энг муҳими, Остона саммитида Янги Марказий Осиё уйғониши ибораси илк марта қўлланди ва муомалага киритилди. Бу эса интеграциялашув жараёни кучайиши баробарида улкан имкониятлар эшиги очилаётганидан дарак беради.
Бахтиёр ОМОНОВ, Ўзбекистон миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори.
Алишер САБИРОВ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори, тарих фанлари доктори.